“Ўзбекистон – 2030”: мақсадларга эришилишини мониторинг қилиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади

Давлатимиз раҳбарининг “Мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармон билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммоларни ҳисобга олган ҳолда самарадорлик кўрсаткичлари белгиланади.
Эндиликда стратегиядаги мақсадларга эришилишини мониторинг қилиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади.
Рақамли платформада “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадларининг самарадорлик кўрсаткичларига эришилиши ҳолати қуйидаги тоифаларга ажратилади: “яшил” – белгиланган самарадорлик кўрсаткичига ўз вақтида ва тўлиқ эришилган; “сариқ” – белгиланган самарадорлик кўрсаткичига эришишда кечикишлар мавжуд, бироқ уларни бартараф этиш имкони бор; “қизил” – самарадорлик кўрсаткичига эришишда жиддий кечикишлар мавжуд ёки уларга умуман эришилмаган.
«Яшил” тоифага киритилган самарадорлик кўрсаткичларига масъул идоралар рағбатлантирилади. “Сариқ” тоифага киритилган самарадорлик кўрсаткичларига эришишда мавжуд кечикишлар сабаблари таҳлил қилинади ҳамда уларни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли идорага зарур чораларни кўриш бўйича кўрсатмалар берилади. “Қизил” тоифага киритилган самарадорлик кўрсаткичларига масъул идоралар фаолияти Вазирлар Маҳкамаси раёсатида танқидий кўриб чиқилади.
Н.Абдураимова, ЎзА