Глобал озиқ-овқат нархи тушмоқда

28

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ҒАО) томонидан бугун эълон қилинган маълумотга кўра, глобал даражадаги озиқ-овқат нархи январь ойида яна пасайган. Таъкидлаш жоиз, бундай ҳолат кетма-кет беш ойдан буён кузатилмоқда. Ҳисоботда айтилишича, асосан сут маҳсулотлари, шакар ва гўшт савдосида ўзгариш яққол сезилмоқда.

Таъкидланишича, ўртача қиймат декабрь ойига нисбатан 0,4 фоиз, ўтган йилга нисбатан 0,6 фоиз тушган.

Буғдой ва маккажўхори бироз арзонлаганига қарамай, дон 0,2 фоиз қимматлади. Йирик буғдой захираси Россия ва АҚШда қишки экинлар учун юзага келган об-ҳаво хавфини қоплади.Маккажўхори захираси эса Аргентина ва Бразилиядаги ноқулай иқлим таъсири ҳамда АҚШда этанолга талаб ошиши боис кузатилган мураккаб вазиятни ўнглади. Гуруч нархи ўртача 1,8 фоиз кўтарилди.

Ўсимлик ёғи нархи 2,1 фоиз ошган. Жануби-шарқий Осиёда ишлаб чиқариш мавсумий даражада камайиши ва импортга талаб кучайиши туфайли глобал пальма ёғи қимматлашди, соя ёғи нархи эса Жанубий Америкадан экспорт камайиши ва Қўшма Штатларда биологик ёнилғига талаб ошиши асносида юқорилади.

Қора денгиз минтақасида таъминот чекланиши ортидан кунгабоқар ёғи қиймати ҳам ортди. Шу билан бирга Европа Иттифоқида импорт миқдори сезиларли даражада ошиши туфайли рапс ёғи тушди.

Гўшт нархи 0,4 фоиз пасайгани қайд этилди. Бу ҳолат глобал таклиф етарлилиги ва талаб заифлиги билан боғлиқ. Парранда гўшти қимматлашишининг сабаби эса экспорт талаби кучли Бразилияда нарх кўтарилган.

Мол ва қўй гўшти қиймати барқарор бўлиб қолмоқда. Қўшма Штатларда божсиз квота тез тўлиб қолса-да, Бразилиядан Хитойга етказиб бериш кўпайгани учун инқирознинг олди олинган.

Сут маҳсулотлари нархи беш фоиз пасайди. Пишлоқ ва сариёғ нархи энг кўп тушгани кузатилди. Бунга сабаб – таъминот етарли. Бинобарин, Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Осиёнинг айрим ҳудудлари билан боғлиқ янгиланган талаб шароитида ёғсиз сут кукуни нархи ошган.

Ҳисоботда шакар қиймати 1 фоиз тушгани келтирилган. ҒАО буни Ҳиндистонда ишлаб чиқариш тикланиши, Таиланд учун ижобий тахмин ва Бразилиядаги ижобий ўзгариш туфайли жорий мавсум глобал таклиф ошишига оид кутилган натижа билан боғламоқда.

ҒАО глобал дон маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича навбатдаги фаразни эълон қилди: умумий ишлаб чиқариш 3,023 миллиард тоннага етиши кутиляпти. Бу рекорд кўрсаткич.

Ўсиш йўналиши Аргентина, Канада ва Европа Иттифоқида буғдой ҳосили мўлжалдагидан ортиши, шунингдек Хитой ва АҚШда маккажўхори экиладиган майдон кенгайиши ҳамда ҳосилдорлик юқори бўлишини ифодалаган. Гуруч етиштириш асосан Ҳиндистон, Бангладеш, Бразилия, Хитой ва Индонезияда ривожланиши кутиляпти.

С.Раҳимов, ЎзА