“Гендер тенглик фаоли” миллий танлови ғолиблари тақдирланди

15

Олий Мажлис Сенатида “Гендер тенглик фаоли” миллий танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур танлов хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш мақсадида гендер тенглик ҳамда оила масалалари бўйича республика комиссияси ташаббуси билан ҳар йили анъанавий равишда ташкил этиб келинмоқда.

Тантанали тадбирни кириш сўзи билан очган Сенат Раиси Танзила Норбоева Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кейинги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат бошқаруви ҳамда жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида эътироф этди.

Бу йўналишдаги устувор вазифалар янги таҳрирдаги Конституция, “Ўзбекистон -2030” стратегияси ҳамда Гендер тенгликка эришиш стратегиясида мустаҳкамланган.

Хотин-қизлар масалаларига оид 110 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, яхлит институционал тизим шакллантирилди. Гендер тенглик сиёсатига нафақат ижтимоий адолат тамойили, балки иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили сифатида қаралмоқда.

Таҳлиллар аёлларни таълим, бандлик ва бошқарув соҳаларига кенг жалб этган давлатларда иқтисодий ўсиш суръатлари юқори эканини кўрсатмоқда.

Парламентлараро иттифоқ маълумотларига кўра, парламентларнинг қуйи палаталарида хотин-қизлар улуши бўйича Ўзбекистон жаҳонда 15-ўринни эгаллайди. Жаҳон банки индексида эса мамлакатимиз гендер тенглик соҳасида энг тез ривожланаётган беш давлат қаторида қайд этилган. Гендер тенглик ва бошқарув индексида эса 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди.

Шунингдек, тадбирда яна бир муҳим ютуқ қайд этилди. БМТ Тараққиёт дастурининг нуфузли “Гендер тенглик бўйича кумуш нишони” (Gender Equality Seal) билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тақдирланган. Эътиборлиси, мазкур натижага Ўзбекистон МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб эришган.

Қайд этилганидек, ғолиб деб топилган ташкилотларда ходимларнинг ўртача 30-50 фоизини аёллар ташкил этади, 60 нафар аёл раҳбарлик лавозимида фаолият юритмоқда. Шунингдек, 10 мингдан зиёд аёл ходимлар касбий салоҳиятини ошириш курсларига жалб этилиб, 13 мингдан ортиқ аёлларни қўллаб-қувватлаш учун 2,1 триллион сўм маблағ ажратилган.

Танловнинг туман (шаҳар) босқичларида 1 минг 460, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида 455 идора, ташкилот ва муассаса иштирок этди. Республика босқичига 100 га яқин ҳужжат тақдим этилди.

Танлов комиссияси томонидан низом талаблари асосида баҳолаш натижаларига кўра 7 номинация бўйича қуйидаги ташкилотлар ғолиб деб топилди:

“Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика ташкилоти” – Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Марказий банк, “Навоий кон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти:

“Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий ташкилот” – Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Тошкент давлат шарқшунослик университети;

“Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман (шаҳар) ташкилоти” – Сурхондарё вилояти Узун тумани Ахборот-кутубхона маркази;

“Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳокимлик” – Фарғона шаҳар ҳокимлиги, Гулистон тумани ҳокимлиги;

“Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол нодавлат нотижорат ташкилоти” – “Меҳримиз сизга” аёллар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази ва “Millennium” ногирон ёшларнинг ижтимоий-ҳуқуқий тикланиш маркази;

“Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик субъекти” – “Mirzo boshi” оилавий корхонаси ва «Safia» қандолат уйи.

Ғолиб ташкилотлар томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 10 га яқин лойиҳа амалга оширилгани қайд этилди. Айниқса, бу йўналишда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаоллиги алоҳида эътироф этилди.

Келгусида танлов доирасида маҳаллалар иштирокини янада кенгайтириш ва “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол маҳалла” номинациясини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Норгул Абдураимова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА