Япония билан ҳамкорликнинг янги босқичи

36

Бундан қарийб бир ой олдин Япониянинг «Joho Bencha» компанияси директори жаноб Кай Коутару Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори Б.Жоллибеков билан учрашиб, талабаларга хорижий тилларни, жумладан, япон тилини ўргатиш, уларни халқаро малака ва тил имтиҳонларига тайёрлаш, битирувчиларни тўғридан-тўғри Япония компанияларига ишга жойлашиш масалаларини муҳокама қилган эди.

Яқинда ушбу компания директори Кай Коутару Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабалари билан учрашиб, уларга Японияда ишга жойлаштириш тартиби, имкониятлари, меҳнат шароитлари, талабгорларга қўйиладиган талаблар, шунингдек, Япониянинг меҳнат қонунчилиги ва корпоратив маданияти ҳақида сўзлаб берди.

Шу билан бир қаторда, компания томонидан ҳамкорлик доирасида университетга япон тили бўйича малакали мутахассис жалб қилинади. У 8 ой давомида талабаларга дарс бериб, япон тилини чуқур ўрганиш, касбий ишга тайёргарлик кўриш, Японияда иш юритиш учун зарур билим ва кўникмаларни шакллантиришга ёрдам беради.

Албатта, ушбу ташаббус ёшларнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш, уларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш ҳамда Япония билан таълим соҳасида ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси