Адолатли шоҳ ва буюк шоир

15

Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Маънавият ва маърифат марказида буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Бердақ номидаги академик мусиқали драма театри жамоаси, Филармония оркестри санъаткорлари, Қорақалпоқ давлат университети ва Нукус давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Тадбир давомида Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилди. Театр жамоаси томонидан ижро этилган бадиий композициялар буюк аждодимизнинг мураккаб, аммо шарафли ҳаёт йўлини жонли тасвирлади. Актёрларнинг моҳирона ижроси томошабинларни ХV-XVI асрлар муҳитига олиб кириб, ўша даврнинг тарихий ва маданий манзараларини жонлантирди.

Филармония оркестри ижросидаги мумтоз куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача руҳ бағишлади. Ҳар бир оҳанг Бобур даврининг маънавий нафасини эслатиб, иштирокчиларда ғурур ва ҳаяжон уйғотди. Тадбирда Бобур нафақат қудратли давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида, балки нозик дидли шоир ва теран тафаккур соҳиби сифатида ёдга олинди.

Профессор-ўқитувчилар томонидан Бобур меросининг тарихий ва адабий аҳамияти чуқур таҳлил қилинди. Улар Бобурнинг давлат бошқарувидаги маҳорати, дипломатик салоҳияти, илм-фан ва маданиятга эътибори ҳақида сўз юритдилар. Айниқса, Бобур сиймосида жасорат ва нозик қалб уйғунлашгани алоҳида таъкидланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги