Муаммолар ўрганилиб, тегишли топшириқлар берилди

34

Хўжайли туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича қилинган ишлар кўриб чиқилиб, танқидий муҳокама қилинди.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминов иштирок этиб, туманда содир этилган жами жиноятларнинг 68 фоизини олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ташкил этиши, 26 та маҳаллада оила-турмуш, қўшничилик ва бошқа муносабатлар асосидаги ижтимоий-маиший турдаги жиноятлар содир этилгани ва оилавий зўравонликларнинг кескин ошиб кетгани, бунга сабаб масъуллар ва маҳалла еттилиги самарали ва ҳамкорликда иш олиб бормагани кескин танқид қилинди.

Мутасаддиларга ижтимоий профилактика ишларини самарали ташкил этиш, оила-турмуш муносабатлари доирасида жиноятларни, оилавий зўравонликларнинг олдини олишнинг кескин чораларини кўриш, жиноятларнинг сабаб ва омилларини аниқлаб, барвақт бартараф этиш, ижтимоий профилактика чораларини кучайтириш каби вазифалар белгилаб берилди.

Шундан сўнг, туманнинг «Янги ариқ» маҳалласида бўлиб, маҳалла еттилиги вакиллари иштирокида ҳудудда содир этилган жиноятларнинг сабаб ва омилларини аниқлаб бартараф этишга қаратилган ишлар, қарор ижросини таъминлаш йўналишида ишлаб чиқилган «Йўл харитаси» бандлари ижросида йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий кўриб чиқилиб, жиноятларнинг барвақт олдини олиш, профилактик тадбирларни самарали ташкил этиш, масъуллар ва маҳалла еттилиги томонидан ҳамкорликдаги ишларни тўғри йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.

Оилавий зўравонликлар содир бўлган оилаларда ўрганишлар олиб борилди ва оилавий зўравонликдан жабр кўрган болаларнинг  холидан хабар олиниб,  муаммолар ўрганилди.

                                                                      Қорақалпоғистон ахборот агентлиги