Бобур мероси туркий дунёда: “Бабурнаама”, “Туркий Бобуршунослик” ва “Бобур асарлари луғати”
Буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур мероси бугун янги илмий ва адабий босқичга кўтарилмоқда. Бобур асарларининг туркий дунёда кенг тарқалиши, уларни замонавий илмий асосда ўрганиш ва оммалаштириш йўлида уч муҳим нашр – “Бабурнаама”нинг қирғиз тилидаги таржимаси, “Туркий Бобуршунослик” йўналишидаги тадқиқотлар ҳамда “Бобур асарлари луғати” чоп этилиши алоҳида аҳамият касб этади.
“Бобурнома” бугунги кунда дунёнинг 20 дан ортиқ тилида, 40 дан зиёд вариантда мавжуд. Асар илгари турк, озарбайжон, уйғур ва қозоқ тилларига таржима қилинган бўлса, эндиликда у қирғиз китобхонларига ҳам она тилида тақдим этилди.
Асар қирғиз тилига қирғизистонлик бобуршунос олима, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Хосият Бекмирзаева томонидан таржима қилинди. Китоб Қирғизистоннинг “Улу тоолор” нашриётида чоп этилди.
Таржима жараёнида қирғиз ва ўзбек олимларининг кенг ҳамкорлиги йўлга қўйилди. Хусусан, олим ва журналист Тўланбой Қурбонов ҳамда қирғиз ёзувчиси Абибилла Пазылов адабий таҳрирни амалга оширди. Илмий тақризчилар сифатида профессор Кияс Молдоқосимов, академик Нур Саралаев ва профессор Сулаймон Қайипов иштирок этди.
Қирғиз халқ ёзувчиси, ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев китобга кириш сўзи ёзган бўлса, филология фанлари доктори, бобуршунос олим Шуҳрат Ҳайитов масъул муҳаррир сифатида фаолият олиб борди ва Бобур ҳаёти ҳамда фаолиятига оид муҳим илмий-тарихий маълумотлар бўлимини тайёрлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Шуҳрат Сирожиддинов, “Бобур” халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов, адабиётшунос олим ва таржимон Зуҳриддин Исомиддинов, профессор Мақсуд Асадов ва доцент Дилафруз Муҳаммадиева таржима таҳрири жараёнида иштирок этди.
Мазкур таржима нафақат адабий ҳодиса, балки туркий халқлар ўртасидаги илмий ва маданий яқинликнинг ёрқин намунасидир. “Бабурнаама”нинг қирғиз тилида нашр этилиши Бобур меросининг туркий тафаккур маконидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Бобур меросининг туркий дунё миқёсида ўрганилиши эндиликда алоҳида илмий йўналиш – туркий бобуршунослик сифатида шаклланиб бормоқда. Қардош мамлакатлар олимларининг ҳамкорликдаги изланишлари Бобур асарларини қиёсий-тарихий, лингвистик ва адабий жиҳатдан чуқур таҳлил қилиш имконини бермоқда.
Қирғиз тилидаги “Бабурнаама” нашри айнан шу илмий йўналишнинг амалий натижасидир. Ушбу жараён туркий халқлар адабий меросининг муштарак илдизларини очиб бериш, тарихий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Бобур шахсини умумтуркий тафаккур доирасида қайта талқин қилишга хизмат қилади.
“Туркий бобуршунослик” доирасида амалга оширилаётган тадқиқотлар нафақат матншунослик ва таржимашуносликни, балки тарих, фалсафа, тилшунослик ва маданиятшунослик соҳаларини ҳам қамраб олмоқда. Бу эса Бобур меросини қомусий ёндашув асосида ўрганиш имконини яратади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ чоп этилган “Бобур асарлари луғати” бобуршуносликда муҳим илмий воқеа бўлди. Мазкур луғатда “Бобурнома”, “Бобур девони” ва “Мубаййин” асарларидаги сўзлар изоҳи берилган.
Луғат Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида “Адабиёт” нашриётида нашр қилинди ва Бобур таваллудининг 543 йиллигига муносиб совға бўлди.
Ушбу луғат Бобур асарларининг асосий сўз бойлигини қамраб олган бўлиб, замонавий луғатшунослик тамойиллари ҳамда тарихий-филологик таҳлил асосида тузилган. Унда аввалги луғатларда қайд этилмаган сўз ва иборалар киритилган, айрим изоҳларга аниқлик киритилган.
Мазкур нашр илмий ходимлар, филология факультетлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, шунингдек, Бобур ижодининг кенг китобхонлари учун мўлжалланган.
“Бабурнаама”нинг қирғиз тилида нашр этилиши, туркий бобуршунослик йўналишининг кенгайиши ва “Бобур асарлари луғати” чоп этилишининг барчаси Бобур меросининг янги даврда янада чуқурроқ ўрганилаётганидан далолат беради.
Бу нашрлар нафақат адабий меросни асраш, балки туркий халқлар ўртасидаги илмий ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Бобур сиймосини умумжаҳон тафаккур маконида янада кенгроқ намоён этишга хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА