Ўзбекистонда авиайўловчилар оқими ва рейслар тақсимоти қандай?

25

Авиаташувлар мамлакатнинг иқтисодий ривожи, туризм салоҳияти ва халқаро алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан, авиақатновлар ҳажми ва аэропортлар фаолияти мамлакат тараққиётининг асосий кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.

Ўтган 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон авиация соҳаси барқарор ўсиш суръатларини намоён этди ҳамда ички ва халқаро авиақатновлар бўйича аниқ шаклланган тизимга эга эканини тасдиқлади. Аэропортлар фаолияти бўйича таҳлилий маълумотлар мамлакатда қайси ҳудудлар халқаро авиайўналишларнинг муҳим марказига айлангани, қайси аэропортларда эса ички рейслар устун эканини яққол кўрсатади.

Тошкент халқаро аэропорти мамлакатнинг асосий авиация хаби сифатида ўз етакчилигини сақлаб қолмоқда. Ҳисобот даврида бу ерда жами 79 минг 958 та рейс амалга оширилган бўлиб, шундан 62  минг 549 таси халқаро йўналишларга тўғри келади.

Йўловчилар оқими 9 миллион 986 минг 445 нафарни ташкил этган, уларнинг 86 фоиздан ортиғи халқаро рейслар ҳиссасига тўғри келади.

Халқаро ташувлар ҳажми бўйича иккинчи ўринда Самарқанд халқаро аэропорти туради. Аэропорт орқали 12 минг 130 та рейс амалга оширилган бўлиб, шундан 10 минг 415 таси халқаро йўналишлардир. Йўловчилар оқими 1 миллион 521 минг 158 нафарга етган бўлиб, асосий қисмини халқаро парвозлар ташкил этган.

Урганч аэропорти ташувлар тузилмасининг нисбатан мувозанатли экани билан ажралиб туради. Бу ерда 6 минг 546 та рейс амалга оширилиб, улар деярли тенг равишда ички ва халқаро йўналишлар ўртасида тақсимланган. Умумий йўловчилар оқими 862 минг 522 нафарни ташкил этган бўлиб, халқаро рейслар бироз устунлик қилади.

Наманган аэропортида халқаро рейслар яққол устун. 5 минг 755 та рейснинг 87 фоиздан ортиғи халқаро йўналишларга тўғри келади. Йўловчилар оқими 867 минг 367 нафарни ташкил этиб, шундан 819 минг 970 нафари халқаро рейсларда парвоз қилган. Фарғона аэропорти эса 5 минг 996 та рейс ва 693 минг 397 нафар йўловчига хизмат кўрсатган бўлиб, бу ерда ҳам халқаро ташувлар устунлик қилади.

Бухоро аэропортида 5 минг 786 та рейс амалга оширилиб, 574 минг 36 нафар йўловчи қайд этилган.

Ички рейслар фаол бўлишига қарамасдан, йўловчилар оқимининг асосий қисми халқаро йўналишларга тўғри келади. Термиз аэропортида эса асосан ички ташувлар амалга оширилган бўлиб, 3 минг 876 та рейс орқали 349 минг 227 нафар йўловчига хизмат кўрсатилган.

Нукус аэропортида ҳам ички йўналишлар устунлик қилади. 2 минг 827 та рейс орқали 330 минг 707 нафар йўловчи ташилган бўлиб, уларнинг қарийб 74 фоизи ички рейслар ҳиссасига тўғри келади. Андижон аэропортида 808 та рейс амалга оширилиб, 93 минг 964 нафар йўловчига хизмат кўрсатилган. Бу ерда халқаро йўналишлардаги йўловчилар сони ички рейсларга нисбатан юқорироқ.

Қарши аэропортида 2 минг 138 та рейсда 176 минг 331 нафар йўловчи қайд этилган. Навоий аэропорти эса 49 минг 110 нафар йўловчига хизмат кўрсатган бўлиб, ташувлар таркибида халқаро рейслар салмоқли улушни сақлаб қолмоқда.

Келтирилган маълумотлар Ўзбекистон авиация тизимида нафақат пойтахт, балки ҳудудий аэропортлар ҳам, айниқса туристик ва чегара ҳудудларда, ички ва халқаро авиақатновларни ривожлантиришда муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА