Хориж хабарлари: Туркия парламентида адлия вазири тайинлови ортидан жанжал юз берди (+видео)

14

Бугунги «Хориж хабарлари» дастурида дунёдаги энг муҳим воқеаларнинг еттилиги билан танишишингиз мумкин. Британияда бош вазир Кир Стармер истеъфосига чақириқлар кучайди. Туркия парламентида янги адлия вазири тайинлови ортидан муштлашув юз берди. Испания ва Португалияда кучли бўронлар сабаб минглаб аҳоли эвакуация қилинди. Қозоғистонда бола ичагидан 31 та магнит чиқариб олинди. Кубада ёқилғи танқислиги туфайли парвозлар тўхтади. Хитой сунъий интеллекти ахборот таъсирида гумон қилинмоқда. Шунингдек, Вьетнам етакчисининг АҚШга эҳтимолий ташрифи ҳақида ҳам сўз юритамиз.

Британияда Стармер истеъфосига чақириқлар кучайди

Британияда ўтказилган сўров натижаларига кўра аҳолининг ярмидан кўпи бош вазир Кир Стармер истеъфосини талаб қилмоқда, бунга америкалик миллиардер Жеффри Эпштейн билан боғлиқ можаро марказида турган Питер Манделсоннинг АҚШга элчи этиб тайинлангани сабаб бўлган. Стармер хатони тан олган бўлсада, лавозимни тарк этмаслигини билдирган, бироқ унинг яқин маслаҳатчилари истеъфога чиққан.

Туркия парламентида муштлашув юз берди

Туркия парламентида янги адлия вазири Акин Гурлекнинг қасамёд маросими пайтида ҳукмрон партия ва мухолифат депутатлари ўртасида кескин жанжал чиқиб, у муштлашувгача етиб борди. Можарога Гурлекнинг аввал Истанбул мери Акром Имомуғлини ҳибсга олиш қарорида иштирок этгани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Қозоғистонда бола ичагидан 31 та магнит чиқарилди

Олмаотада бир ёшдан ошган бола 31 та магнитни ютиб юборгани ортидан шошилинч операция қилинди. Шифокорлар магнитлар ичак деворларини тешиб, оғир яллиғланишга сабаб бўлганини маълум қилиб, ўз вақтида жарроҳлик ёрдам кўрсатилмаганда ҳолат ўлим билан якунланиши мумкинлигини таъкидлади.

Кубада ёқилғи танқислиги сабаб парвозлар тўхтади

Кубада нефть етказиб бериш узилиши ортидан ёқилғи танқислиги кучайиб, Россиянинг бир нечта авиакомпаниялари оролга парвозларни вақтинча бекор қилди. Натижада минглаб россиялик сайёҳлар мамлакатда қолиб кетган, ҳукумат эса транспорт ва давлат муассасалари фаолиятини чеклаган.

Хитой сунъий интеллекти ахборот таъсирида гумон қилинмоқда

Эстония разведкаси Хитойда яратилган «ДеэпСеэк» сунъий интеллект модели сиёсий мавзуларда бир томонлама ахборот тарқатиб, Ғарб жамоатчилигига таъсир ўтказишга уринаётганини маълум қилди. Ҳисоботда тизим айниқса хавфсизликка оид саволларда Хитой расмий позициясини яширин тарғиб қилаётгани қайд этилган.

Испания ва Португалияда кучли бўронлар хавфи

Испания ва Португалияда кучли шамол ва ёмғирлар оқибатида транспорт издан чиқди, мактаблар ёпилди ва минглаб аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилди. Айрим ҳудудларда тўлқинлар баландлиги 9 метрга етиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилди.

Вьетнам етакчиси АҚШга ташриф буюриши мумкин

Вьетнам Коммунистик партияси раҳбари То Лам келаси ҳафта Вашингтонда ўтказиладиган Тинчлик кенгаши йиғинида иштирок этиши кутилмоқда. Reuters манбаларига кўра, ташриф доирасида авиация ва савдо масалалари муҳокама қилиниши мумкин.

Нозимбек Мардонов, Дониёр Якубов ЎзА