Ўзбекистон ва Тожикистон энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамламоқда
Марказий Осиёда энергетика соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, электр энергияси алмашинувини кенгайтириш ва ягона энергетика тизими доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бугунги кунда минтақа давлатлари ўртасидаги муҳим устувор йўналишлардан бирига айланмоқда.
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон мамлакатлари энергетика вазирлари Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳамда Далер Жума ўртасида ўтказилган навбатдаги учрашувда ҳам икки томонлама ҳамкорлик муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон ташаббуслари билан сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳалар қатори энергетика йўналишида ҳам изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Томонлар амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар натижадорлиги ва уларнинг минтақавий барқарорликка қўшаётган ҳиссасини қайд этди.
Учрашув давомида энергетика тизимлари фаолиятини мувофиқлаштириш, электр тармоқларини модернизация қилиш, электр энергияси алмашинуви ҳажмини босқичма-босқич ошириш каби масалаларга урғу берилди. Шунингдек, “Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимига қайта уланиш” лойиҳаси доирасидаги техник ва ташкилий масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, музокаралар якунида томонлар ўзаро қардошлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва икки мамлакат халқлари манфаатларига хизмат қиладиган қўшма ташаббусларни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА