Яширин иқтисодиётни қисқартириш масалалари муҳокама қилинди

16

Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармасида Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари У.Садуллаев иштирокида шахсий таркиб билан йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда яширин иқтисодиётни қисқартириш, норасмий ходимлар фаолиятини легаллаштириш бўйича ишларни самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Дастлаб сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 27 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида солиқ идоралари олдига яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилганлигини таъкидлади.

Учрашув давомида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Коррупция ҳолатларига сабаб бўлаётган омиллар ва уларни бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди. Хусусан, ички меҳнат тартиб-қоидаларига риоя қилмаслик, иш самарадорлигининг пасайиши ва тамагирлик каби иллатлар барча ҳуқуқбузарликларнинг асоси экани қайд этилди.

Таъкидланганидек, жамоада соғлом муҳитни шакллантириш ва ўзаро ҳамкорликда ишлаш белгиланган прогноз режанинг бажарилишини таъминлаш билан бир қаторда коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.



Йиғилишда мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, вазифалар келишиб олинди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги