Адолат тизимида малака ошириш – самарали фаолият гарови

Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий суди билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида видеоконференцалоқа режимида ташкил этилган навбатдаги ўқув-семинари маъмурий судларда коммунал хизматлар – газ таъминоти, электр энергияси ва ичимлик суви соҳасида юзага келаётган низоли низоларни кўриб чиқиш амалиётига бағишланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий суди судьялари Г.Байназарова ва А.Иматовлар соҳада учраётган муаммолар, айниқса, ҳисоб-китобларнинг тўғрилигини аниқлаш, қайта ҳисоблаш масалалари, шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган низоли низолар, таъминотни ноқонуний узиб қўйиш ҳолатлари ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ ҳолатларни атрофлича муҳокама қилди.
Бу борадаги низоли масалалар сонининг ортиб бораётгани соҳада тизимли таҳлилни талаб этмоқда. Хусусан, хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг қарор ва ҳаракатлари қонунийлигига ҳуқуқий баҳо бериш, истеъмолчиларга етказилган зарарни аниқлаш ва адолатли ҳал қилиш, ҳисоблаш ускуналарининг ҳолати ва далилларнинг ишончлилигини текшириш, қонунчиликда белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этилганини ўрганиш каби масалалар муҳим аҳамиятга эга.
Семинар давомида суд амалиётида учраётган турли муҳокамалар ва низоли вазиятлар юзасидан ўзаро фикр алмашиб, ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш зарурлиги таъкидланди. Зеро, коммунал хизматлар халқимиз ҳаётининг ажралмас қисми ва ижтимоий барқарорликнинг асосий омилларидан бири эканини ҳисобга олган ҳолда, бу борадаги қонунийликни таъминлашда прокуратура органлари ҳам алоҳида ўрин тутади.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан бир қатор амалий таклифлар ишлаб чиқилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги