Орол денгизи тубида илмий тажриба ўтказилди

Сўнгги йилларда Оролбўйи ҳудудида юзага келган экологик муаммоларни илмий асосда ҳал этиш, чўлланиш жараёнларини тўхтатиш ва ҳудуднинг табиий барқарорлигини тиклаш мақсадида кенг кўламли илмий-амалий тажриба ишлари олиб борилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти, Нукус инновацион технологиялар институти ва Тошкент кимё-технология институти олимлари ва тадқиқотчилари томонидан ташкил этилди.
Илмий экспедиция Орол денгизининг қуриган тубида олиб борилиб, асосий эътибор чўл шароитига мос, шўрланиш ва қурғоқчиликка чидамли кўчат турларини экиш ва уларнинг мослашувчанлигини ўрганишга қаратилди. Кўпчиликка маълумки, Орол денгизининг қуриши натижасида пайдо бўлган янги чўл ҳудуди фақат Қорақалпоғистон эмас, ва бутун Марказий Осиёнинг экологик барқарорлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис ушбу ҳудудни кўкаламзорлаштириш ва биологик рекультивация қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ушбу илмий-амалий тадбирда Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи, академик А.Реймов ва Тошкент кимё-технология институти профессори А.Эркаев – ёш олимлар билан яқиндан мулоқот қилди. Улар дала шароитида тадқиқот методологияси, тупроқ таҳлилининг замонавий усуллари, чўл ҳудудларида кўчат етиштириш технологиялари ҳамда экологик мониторинг масалалари бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Ёш тадқиқотчилар учун бу жараён нафақат назарий билимларни мустаҳкамлаш, балки амалий кўникмаларни шакллантириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим мактаб вазифасини бажаради. Илмий экспедиция давомида ёш олимлар тупроқдан намуна олиш, дала кузатувларини ўтказиш, лаборатория таҳлиллари учун дастлабки тайёргарлик жараёнларида фаол иштирок этди. Ушбу ташаббус фан, таълим ва амалиёт интеграциясининг ёрқин намунаси бўлиб, Оролбўйи ҳудудининг экологик барқарорлигини таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги