Фитосанитария чоралари бўйича қонунчилик халқаро стандартларга мувофиқлаштирилмоқда

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишга оид қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича Битим талабларидан келиб чиққан ҳолда фитосанитария чоралари бўйича қонунчилик халқаро стандартларга мувофиқлаштирилмоқда.
Хусусан, “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунга фитосанитарияга оид хавфни таҳлил қилишга оид янги норма киритилиб, фитосанитарияга оид хавфни таҳлил қилиш Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан амалга оширилиши ҳамда унинг тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши белгиланмоқда.
Юридик шахсларга фитосанитар зарарсизлантириш бўйича фаолият учун чекланган муддатга лицензия берилиши ҳамда ушбу фаолиятни лицензиялаганлик учун давлат божи белгиланади. Лицензиянинг номи ва унинг кичик турлари аниқлаштирилиши ҳамда мазкур фаолиятни амалга ошириш чоғида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори белгиланишини назарда тутувчи нормалар киритилмоқда.
Қонун ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасини халқаро стандартларга мослаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
“Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонунда экологик вазиятни назорат қилиш, аҳолининг саломатлигини яхшилаш, табиий ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш билан бир қаторда давлат экология назорати тизимини такомиллаштириш ҳамда ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чоралари назарда тутилган.
Мажлис якунида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Бундан ташқари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссиялари аъзолари учун ҳудудларда экологик ҳолатни яхшилаш, экологик муаммоларни ҳал этиш борасида маҳаллий кенгашлар олдидаги долзарб масалалар юзасидан ўқув семинари ўтказилди.
Семинарда доимий комиссия аъзоларининг соҳа бўйича қонунчиликдаги янгиликлар, ўзгаришлар юзасидан билим ва кўникмаларини ошириб бориш, соҳага оид қонунларни кўриб чиқишда уларнинг фикрини инобатга олиш зарурлиги айтиб ўтилди ҳамда тегишли вазифалар белгиланди.
Норгул АБДУРАИМОВА,
ЎзА мухбири