Ўзбекистонликлар энг кўп қайси давлатларга ўқиш мақсадида сафар қилган?

Сўнгги йилларда ёшларнинг хорижий таълимга бўлган қизиқиши юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Бироқ, 2025 йил якунларига кўра, чет элда таҳсил олишни танлаган ўзбекистонликлар сони маълум даражада камайган. Миллий статистика қўмитаси эълон қилган рақамлар ушбу йўналишдаги ҳолат қандай эканини яққол намоён этмоқда.
2025 йил давомида 28 минг 954 нафар Ўзбекистон фуқароси ўқиш мақсадида чет элга сафар қилган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 6,9 минг нафарга ёки 19,3 фоизга камайгани қайд этилди.
Таҳлилларга кўра, ўзбекистонлик ёшлар таълим олиш учун энг кўп Россияни танлаган — ушбу давлатга 6 минг 498 нафар талаба йўл олган. Кейинги ўринларда Тожикистон (6 039 нафар) ва Қирғиз Республикаси (4 648 нафар) қайд этилган.
Шунингдек, Жанубий Кореяга 3 минг 513 нафар, Туркияга 2 минг 496 нафар, Хитойга 1 минг 259 нафар, Қозоғистонга 1 минг 97 нафар талаба сафар қилган.
Европа ва Америка давлатлари орасида эса Буюк Британия (886 нафар), Германия (391 нафар) ҳамда АҚШ (351 нафар) ўзбекистонлик талабалар энг кўп йўл олган давлатлар сифатида қайд этилди.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда ўзбекистонликлар таълим олиш мақсадида жами 35 та хорижий давлатга сафар қилган.
Ҳамроз Баянов, ЎзА