«Қорақалпоғистон: кеча ва бугун»: танлов ғолиблари аниқланди

3

Бугун Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими Кўргазмалар саройида «Қорақалпоғистон: кеча ва бугун» номли фотокўргазма ва фототанлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.

Фото танловнинг асосий мақсади – Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни, инфратузилмавий ўзгаришларни, ёшлар ташаббусларини ва мамлакатнинг янги қиёфасини фото суратлар орқали жамоатчиликка етказиш. Шунингдек, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва фотография санъатига бўлган қизиқишни оширишдир.

Танлов икки босқичда ўтказилди. Биринчи босқичда декабрь ойида эълон қилинган танловдан сўнг, январь ойининг 27-санасигача фотографларнинг ижодий ишлари қабул қилинди. Иккинчи босқичда ҳакамлар томонидан энг яхши деб топилган ишлардан иборат фотокўргазма ташкил этилди.

Танловда 10 га яқин фотосуратчилар иштирок этиб, уларнинг ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Натижада энг яхши деб топилган суратлар кўргазмага тақдим этилиб, ғолиблар аниқланди.

Ўтказилган кўргазмада ишлари юқори баҳоланган 5 муаллифнинг Қорақалпоғистоннинг бугунги ривожланиши, ёшлар фаоллиги, инфратузилмавий ўзгаришлар ва юртимизнинг янги қиёфасини акс эттирган 80 дан ортиқ фотосуратлари ўрин олди ва танлов якунлари бўйича биринчи ўринни Махсет Хабибуллаев, иккинчи ўринни Ислам Матеков, учинчи ўринни Махмуд Шамуратовлар эгаллади.

Шунингдек, фаоллиги билан кўзга ташланган ҳаваскор фотографлар Шаҳзода Хўжамбергенова ва Икром Муратбаевлар сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Бундай тадбирларнинг ўтказилиши халқимизнинг фотография санъатига бўлган қизиқишини оширишга, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга ва Қорақалпоғистоннинг бугунги қиёфасини кенг жамоатчиликка танитишга хизмат қилади.

                                                          Қорақалпоғистон ахборот агентлиги