Қорақалпоғистонда ҳудудий ахборот хизматлари учун семинар тренинглар давом этмоқда

11

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ҳамда ЮНЕСКО ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув семинарларининг навбатдаги босқичи Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтмоқда.

Мазкур семинарда Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туман ҳокимликлари, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Семинарда халқаро даражадаги медиа экспертлар — Жоан Барата ва Сергей Штурхеский томонидан давлат идораларининг жамоатчилик билан ишлаш тизимини халқаро талаблар асосида такомиллаштириш бўйича маърузалар ўқилмоқда.

Шунингдек, ўқув курсларида ҳудудий матбуот котиблари учун воқеа-ҳодисаларни тезкор таҳлил қилиш, аҳолига аниқ ва асосланган маълумотларни етказишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинмоқда.

Семинарларда давлат бошқаруви органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда ахборот хизматларининг ролини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маҳаллий ҳокимликлар ва ташкилотларнинг медиа макондаги фаоллигини ошириш, ОАВ ва блогерлар билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ўзаро тажриба алмашилмоқда.

Семинар давомида иштирокчилар нафақат назарий билимлар олмоқдалар, балки ҳудуддаги ахборот сиёсатини юритишда юзага келаётган долзарб масалаларни халқаро экспертлар билан бевосита таҳлил қилмоқдалар.

Бу каби ўқув машғулотлари ҳудудий ахборот хизматлари ходимларининг малакасини ошириш, уларнинг фаолиятида янгича ёндашувларни жорий этиш ва давлат органларининг халқ билан мулоқотини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Маълумот учун: ўқув семинарлари Қарши ва Термиз шаҳарларида давом этади.