«Бозжап» насос станциясида семинар ўтказилди

11

Шуманай туманида жойлашган «Бозжап» насос станциясида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари иштирокида Ҳукумат қарорлари ва дастурларида белгиланган режа-кўрсаткичларнинг бажарилиши ва истиқболдаги режаларни белгилаб олиш бўйича амалий семинар бўлиб ўтди.

Семинарда «Сув хўжалиги назорати» инспекцияси бошлиғи ўринбосари З.Ирисбаев, Сув хўжалиги вазири ўринбосари Т.Мадиреймов, шунингдек, насос станцияси бошлиқлари ва ишчи-ходимлар иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Н.Аралбаев сўзга чиқиб, насос станцияларида олиб борилган ишлар, яъни, насос станциясига ажратилган электр энергиясини тежаш, электр двигательларни доимий назорат қилиш ва янги замонавий энергия тежовчи қурилмаларни ўрнатиш ҳамда насос агрегатларини ўз вақтида таъмирлаш ва амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берди.

Қайд этилганидек, бошқарма тасарруфида 221 та насос станцияси ва 481 та насос агрегатлари мавжуд. Шундан Шуманай туманида 11 насос станцияси ва 23 насос агрегатлари бўлиб, 4288 гектарлик экин ерларига 2025 йили 83.424 млн.м3 сув чиқарилиб, 3,711 млн кВт. соат электр энергияси сарфланган.

2025-2026 йилги куз-қиш мавсумида 5 насос агрегатини таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, шундан 5 насос агрегати тўлиқ таъмирланиб шўр ювиш мавсумига тайёр ҳолатга келтирилган. Шунингдек, туманда 17 дона К500-7 маркали насос агрегатини ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, амалда саккизтаси ўрнатилди.

Семинар доирасида мутасаддилар насос станцияларида амалга оширилган ишларни жойига чиққан ҳолда ўрганиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги