Ўзбекистон – Туркия: йўл инфратузилмасини ривожлантиришда ҳамкорлик

Йўллар инфратузилмаси давлат иқтисодиёти ва транспорт тизимида муҳим ўрин эгаллайди. Шу боис, йўл қурилиш, таъмирлаш ва техник стандартларни такомиллаштиришда халқаро ҳамкорлик самарали ҳисобланади. Хорижий мамлакатлар тажрибаси, замонавий технологиялар ва илмий ишланмаларни Ўзбекистонда жорий этиш орқали йўл инфратузилмаси хавфсиз ва барқарор ривожланиши таъминланади.
Туркия автомобиль йўллари Бош бошқармаси (Karayolları Genel Müdürlüğü – KGM) раиси Аҳмад Гулшан бошчилигидаги делегация вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюрди. Автомобиль йўллари қўмитасида делегация аъзолари иштирокида ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борилди.

Мулоқот жараёнида Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Ж.Турсунов ва Қўмита раисининг ўринбосари А.Абдураҳмонов мамлакатимиздаги автомобиль йўллари, уларнинг таснифи, транскоридорлар, логистик локациялар, мавжуд техникалар, йўл ва кўприкларни қуриш, таъмирлаш ҳамда сақлаш ишлари бўйича маълумот берди.

Шунингдек, таъмирлаш ва қурилиш жараёнларини амалга ошириш муддатлари, объектни экспертизадан ўтказиш тартиби ҳамда барча жараёнларни олиб боришдаги мавжуд муаммолар бўйича ҳам фикр алмашилди.
Меҳмонлар Автомобиль йўллари техник ҳолати таҳлили ва ҳаракат хавфсизлиги марказида ҳам бўлди.

Асосий фаолият йўналиши автомобиль йўлларининг техник ҳолатини таҳлил қилиш, баҳолаш ва рақамлаштириш, фойдаланишни ташкил этиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва техник шартлар бериш, катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун рухсатнома бериш, вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш, давлат кадастри ва йўл активларини юритишдан иборат бўлган мазкур Марказ 2023 йилдан буён фаолият кўрсатмоқда.

Учрашувда меҳмонларга автомобиль йўлларида ҳаракатланаётган оғир вазнли ва катта ҳажмли автотранспорт воситаларининг вазнини ўлчовчи кўчма ва стационар тарозилар фаолияти, рақамлаштириш ва замонавий диагностика техникалари функциясига доир маълумотлар тақдим этилди.
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА,
ЎзА мухбири