Пресс-тур: тиббиёт соҳасидаги янгиланишлар ва ислоҳотлар

17

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига замонавий  ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббиёт муассасаларини хавфсиз ва сифатли дори-дармонлар, тиббий буюмлар билан таъминлаш, соҳага рақамлаштиришни жорий этиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати томонидан Нукус тумани тиббиёт бирлашмасига яратилган бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир иштирокчилари 2021 йилда янгидан қуриб битказилиб,  бугунги кунда аҳолига сифатли ва замонавий талаблар асосида тиббий хизмат кўрсатиб келаётган тиббиёт бирлашмаси биносидаги замонавий ҳолатни ўрганди.

Нукус тумани аҳолисига тиббий ёрдам кўрсатиш учун бугунги кунда амбулатор хизмат учун 1 кўп тармоқли марказий поликлиника, 2 оилавий поликлиника, 4 оилавий шифокор пунктлари ва стационар ёрдам кўрсатиш учун 142 ўринга эга 1 марказий шифохона хизмат кўрсатиб келмоқда. Даволаш-профилактика муассасаларида 105 шифокор ва 399 ўрта бўғин ходимлари туман аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Тадбир давомида матбуот анжумани ташкил этилиб, унда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Айбек Тажимуратов оммавий ахборот воситалари вакилларига олиб борилаётган ишлар ва яратилган имкониятлар бўйича маълумотлар берди.

Тадбирда таъкидланишича, шифохонада замонавий шароитлар яратилиши билан бирга тиббий асбоб-ускуналар, яъни наркоз, УЗИ, рентген аппарати, лаборатория биокимёвий анализатор, микроскоплар билан таъминланган. Президентимиз топшириғи асосида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун бириктирилган Самарқанд вилояти томонидан тиббиёт соҳасига 1 млрд 100 млн. сўм маблағ берилиб, бу маблаққа амбулатор тиббий хизмат соҳасининг ишларини яхшилаш мақсадида оилавий поликлиникаларга 3 та санитар автомашина олиб берилди. Туман ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолисидан «Темир дафтар,» «Аёллар дафтари»га киритилган фуқаролар ичидан мураккаб ихтисослаштирилган операцияга муҳтож беморлардан 19 нафар беморга Самарқанд вилоятидан келган шифокорлар томонидан бепул операциялар бажарилган.

Шунингдек, шифокорларнинг билимларини ошириш ва тажриба алмашиш мақсадида Тошкент шаҳрига ва хорижий давлатларга ташриф буюриб келмоқда. Шу асосда тажрибали ва ўз мутахассислигининг етук шифокорлари туман аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Туман тиббиёт бирлашмасини рақамлаштиришга ўтказиш жараёнида бир қанча ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2025 йил давомида 99 дона компьютер, 55 дона планшет, 16 дона смарт телевизор, 4 дона принтер, 9 дона чек принтер, 12 дона модем ротор, 5 дона веб камера, 29 дона термопринтер, 36 дона 2D сканер, 4 дона ИНФОКИОСКлар билан таъминланди. DMED дастури орқали беморлар ўзларининг барча тиббий таҳлилларини, шифокор навбатчилиги ҳақида маълумотларга эга бўлиб турадиган бўлди. Натижада қоғозбозликдан қутулишга замин яратилди.

Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада «Саломатлик,» «Фитнес» ва «Соғлом овқатланиш» хоналари ташкил этилган.  Шифохона учун Ўзбекистон  Республикасининг Япониядаги элчихонаси орқали Япония давлатидан 65000 доллар нусхали портатив рентген аппарати грант асосида яқинда олиб келиб ўрнатилиши режалаштирилмоқда.

– Терапия бўлимида даволаняпман. Бу ерда яратилган шароитлар жуда яхши. Шифокорлар, ҳамширалар, физиотерапия бўлимидаги ходимларга миннатдорлигим чексиз. Барча жиҳозлар тоза, хоналаримиз иссиқ. Халқимизга шундай имкониятлар яратиб бериб қўйган Юртбошимизга раҳмат, – дейди биз билан суҳбатда бўлган нуроний онахон Ш.Мирзабоева.

Дарҳақиқат, шифохонанинг собиқ биносида шароитлар жуда ачинарли аҳволга келиб қолган эди. Кўриб гувоҳи бўлганимиздек, барча бўлимлар озода, иссиқ, аппаратуралар тоза. Айниқса, туғруқ бўлимида хоналарнинг озодалиги, иссиқ ва замонавий шароитлар яратилгани эътиборимизни тортди. Бу шароитлар албатта юртимизда Она ва бола саломатлигини асраш йўлида қилинаётган ислоҳотларнинг яққол тасдиғидир.

– Кўриб гувоҳи бўлганимиздек, бу ердаги яратилган шароитлар жуда яхши. Рақамлаштириш бўйича олиб борилган ишларнинг самарадорлигини ҳар бир бўлимда кўриб гувоҳи бўлдик. Замонавий аппаратлар шифокорларнинг ташхис қўйиш ва даволаш ишларида яхши самара бериши шубҳасиз. Пресс-турда биз туман тиббиёт бирлашмасида олиб борилаётган ишларнинг яхши йўлга қўйилганлигининг гувоҳи бўлдик, – дейди «Еркин Қорақалпоғистон» газетасининг махсус мухбири Гулнора Жугинисова.

Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан тегишли жавоблар берилди.

Гулнора Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги