Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш – долзарб вазифа

Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида доимий эътибор марказида. Ушбу масалада Нукус шаҳар камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Замир Джиемуратов билан суҳбатлашдик:
2026 йилнинг 3 январь куни Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларнинг якуни ва жорий йил учун муҳим вазифалар бўйича видеоселектор йиғилишидаги белгилаб берилган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, эҳтиёжманд аҳоли вакилларининг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қатор натижаларга эришилмоқда. Хусусан, шаҳар ҳудудида камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш борасида 2025 йил давомида 5 минг 896 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлиб, шундан 4 минг 782 нафар фуқаро доимий иш ўринларига жойлаштирилди.
Шаҳримиздаги ишсиз 1 минг 408 нафар фуқаро ўз хоҳишига кўра турли касбларга қайта ўқитилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналадиган ва меҳнат бозорида тенг шароитларда рақобатлаша олмайдиган 168 нафар фуқаро доимий иш ўринларига жойлаштирилди.

Шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан 2025 йилнинг май ойидан бошлаб пилот лойиҳаси (синов) асосида «CALL CENTER» ўз ишини бошлаган эди, мана, бугунги кунга қадар шаҳарда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари, хусусий тадбиркорлик субъектларидан жами 1 минг 37 янги иш ўринлари аниқланди.
Ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида шаҳримиздаги 800 га яқин ишсиз фуқароларимизни даромад топиш учун қонуний равишда ишга жойлашишга эришилди.
2025 йил бошида шаҳарда ишсизлик даражаси 5,5 фоиз бўлган бўлса йил якуни билан шаҳарда ишсизлик даражаси 4,6 фоизни ташкил этмоқда, камбағаллик даражаси 2025 йил бошида 8,7 фоиз бўлган бўлса, 11 ой якуни билан 4,3 фоизга тушганини кўришимиз мумкин.
«Индивидуал режалар» асосида 2 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилади ва бунинг натижасида йил якунига қадар камбағаллик даражасини 3 фоизга туширишни режа қилганмиз.
Бу борадаги ишларни давом эттириш аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Энди саволингизга келсак, видеоселектор йиғилишида Президентимиз мавжуд имкониятларни ишга солишда ҳокимлар ва «маҳалла еттилиги»да услубий билим ва амалий тажриба етишмаслиги, мутасадди вазирлик ва идоралар эса уларга етарли даражада кўмаклашмаётгани алоҳида танқид қилинди. Йиғилишда жорий йил учун 1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан йироқ маҳаллалар сонини 2,5 баробар ошириб, 3,5 мингтага етказиш, ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизга тушириш вазифалари белгилаб берилди.
Нукус шаҳрида 2026 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш орқали 7 минг 666 нафар фуқарони доимий иш билан таъминлаш режалаштирилган.
Шундан, инвестиция лойиҳалари ҳисобига 1 минг 224 нафар, хизмат кўрсатиш ҳисобига 2 минг 6 нафар, қурилиш соҳасида 271 нафар фуқарони, бўш иш ўринларига 1 минг 296 нафар фуқарони, «Уйчи» тажрибаси асосида 2 минг 870 нафар фуқарони таъминлаш, шунингдек, норасмий секторда банд бўлган шахслар ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини легаллаштириш орқали 4 минг 662 та яширин иш ўринларини легаллаштириш кўзда тутилган.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир бўлган жами 580 та оилага бириктирилган 116 та республика ва шаҳар даражасидаги раҳбарлар томонидан оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга амалий ёрдамлар кўрсатилади.
2026 йил ҳудудий инвестиция лойиҳаси доирасида 2,6 триллион сўмлик 100 лойиҳа амалга оширилиши натижасида 2 минг 600 та янги иш ўринларини яратиш режалаштирилмоқда.
– Йиғилишда жорий йилда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 триллион сўм кредит ажратилиши қайд этилди. Бундай ҳажмдаги ресурслар қандай шартлар билан берилади?
– Нукус шаҳрида 2025 йил бошидан шаҳар ҳудудида 1 минг 78 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 337 тага кўпайганини кўрсатади. Яъни, 2024 йилда 741 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилган. 2025 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, жами Нукус шаҳрида рўйхатдан ўтган кичик бизнес субъектларининг сони 7 минг 314 тани ташкил этди.
2025 йил «Маҳалла кесимида» лойиҳаларидан 27 миллиард 541 миллион сўмлик жами 810 лойиҳа ишга туширилиб, бунинг натижасида 1 минг 621 янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш» дастури бўйича 4 минг 512 та юридик ва жисмоний шахсларга 55 миллиард 193 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратиб берилди.
Инвестиция соҳасида Ҳудудий инвестиция лойиҳалари доирасида 2025 йилда Нукус шаҳрида умумий қиймати 2 триллион сўмлик 119 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган эди. Амалда эса режа ортиғи билан бажарилиб, 2,3 триллион сўмлик 126 та инвестиция лойиҳаси фойдаланишга топширилди. Натижада шаҳарда 2 минг 577 та янги иш ўринлари яратилди.
Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, Ҳурматли Президентимизнинг 213-сонли фармони асосида шаҳримизда 195 та инвестиция лойиҳасига 416 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
Шунингдек, 129-сонли фармонга мувофиқ 266,4 миллиард сўмлик 12 та лойиҳага Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг қарори асосида 10,1 гектар ер майдони тадбиркорларга тўғридан-тўғри ажратиб берилди.
– Энди 2026 йилда амалга ошириладиган иш-режаларингиз ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.
– Биринчидан, тижорат банки филиаллари ва ҳоким ёрдамчилари томонидан ҳар бир маҳаллада 40 тадан, жами 2 минг 840 та микро лойиҳаларни ишга тушириш, иккинчидан, республика бюджети ҳисобидан 24,8 миллиард сўм молиялаштириш ҳисобига 4 та «драйвер» лойиҳани амалга ошириш орқали 33 та янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, 630 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш ва йилига 7,9 миллиард сўм миқдорида бюджетга қўшимча солиқ тушумларини тушириш, учинчидан, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш мақсадида жами 2,3 триллион сўм ва Дастурлар доирасида 267 миллиард сўм кредит маблағлари ажратиш режалаштирилган. Хусусан, «Оилавий тадбиркорлик» дастури доирасида 60 миллиард сўм, «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» дастури доирасида 122 миллиард сўм, «Бизнесга биринчи қадам» дастури доирасида 85 миллиард сўм кредитлар ажратилишини таъминлаш кўзда тутилган.
Тўртинчидан, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш орқали 7 минг 666 нафар фуқарони доимий иш билан таъминлаш, бешинчидан, норасмий секторда банд бўлган шахслар ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини легаллаштириш орқали 4 минг 662 та яширин иш ўринларини легаллаштириш борасида вазифаларни белгилаб олганмиз.
Умуман, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасидаги ишлар 2026 йилда ҳам узлуксиз давом эттирилиб, ҳар бир маҳалла ва ҳар бир оила кесимида манзилли ёндашув устувор вазифа бўлиб қолади.
Суҳбатлашган:
М.ПИРНАЗАРОВА
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси