“UzBuild -2026” халқаро кўргазмаси ишлаб чиқарувчиларни ҳамкорликка ундамоқда
Бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Қурилиш – UzBuild 2026” 27-Ўзбекистон халқаро кўргазмаси очилди.
Ўзбекистон қурилиш ва интерьер ҳафталиги доирасида ўтказилаётган ушбу кўргазмада Ўзбекистон, АҚШ, БАА, Германия, Грузия, Испания, Италия, Корея Республикаси, Латвия, Мальта, Озарбайжон каби 22 мамлакатдан 450 та компания иштирок этмоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур кўргазма маҳаллий ва хорижий ишбилармонларни бир мақсад йўлида бирлаштириш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори “ICA Eurasia Group” томонидан ташкил этилган ушбу ҳафталик доирасида “Қурилиш ускуналари ва технологиялари – BuildTech 2026” ихтисослаштирилган бўлими ҳамда Ўзбекистон қурилиш саноати халқаро анжумани ҳам ташкил этилди.
“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси бош директори ўринбосари Ойимхон Бобожонованинг сўзларига кўра, қурилиш саноати ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишида муҳим роль ўйнайди ва янги иш ўринлари яратилишини таъминлайди.
– Бугунги кунда қурилиш соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бирига айланди. Мазкур тармоқ ялпи ички маҳсулотнинг 7 фоизини ташкил этмоқда. Унинг барқарор ўсиши қурилиш материаллари саноатининг жадал ривожланишига туртки берди. Бундай катта ҳажмдаги қурилиш ишларини муваффақиятли амалга ошириш, “Янги Тошкент” ва “Янги Ўзбекистон” каби йирик лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун инновацион материаллар ва ечимлардан фойдаланишни талаб қилади. “UzBuild” кўргазмасининг асосий мақсади ҳам кенг қамровли ва инновацион ёндашувларни намойиш этишдир. Бу жараён иштирокчилар географиясининг кенгайиши, намойиш этилаётган маҳсулотлар ва технологиялар сифати ҳамда турларининг изчил ўсиб бораётгани билан тасдиқланади, – деди О.Бобожонова.

Таъкидлаш керакки, иштирокчилар орасида қурилиш материаллари миллий ишлаб чиқарувчилари сони сезиларли даражада ошмоқда. Улар ҳозирда ички бозорнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларини муваффақиятли қондириб, шиддатли рақобат шароитида янги хорижий бозорларга чиқмоқда.
Кўргазмада 80 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар газобетон блоклар, сэндвич панеллар, тош буюмлар, қурилиш кимёси, дераза ва эшиклар, пол қопламалари, лифтлар ва эскалаторлар, фасад тизимлари каби маҳсулотлари билан иштирокчилар эътиборини тортмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кўргазма 12 февраль куни ўзи ишини якунлайди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА