Ўзбекистонда 3D биопринтер учун маҳаллий био-сиёҳ яратилди

21

Бу ҳақда Инновацион ривожланиш агентлиги ахборот хизмати хабар берди. Қайд этилишича, мамлакатимизда инсон аъзоларини 3D биопринтер асосида чоп этиш имкониятини яратиш йўлида муҳим илмий натижа қўлга киритилди. Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти тадқиқотчиси Олимжон Бойматов томонидан биопринтерлар учун зарур бўлган био-сиёҳни маҳаллий ўсимликлар асосида олиш усули ишлаб чиқилди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, инсон организмига мос, хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан мақбул био-сиёҳ яратиш масаласи узоқ йиллар давомида долзарб бўлиб келган. Илмий изланишлар натижасида бу йўналишда муайян ютуқларга эришилган бўлса-да, амалий жиҳатдан кенг қўллаш мумкин бўлган самарали ечимлар етарли эмас эди.

Олим мазкур тадқиқотларини янада чуқурлаштириш мақсадида Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ташкил этилган стажировка дастури доирасида Германиядаги Лейпциг университетида илмий ишлар олиб борди. У ерда замонавий биопринт технологиялари, шунингдек гидрогеллар тайёрлашнинг янги усуллари ўрганилди ва шу асосда янги таркиб яратишга эришилди.

–Юртимиз олимлари инсон организмига тўлиқ мос тушадиган, зарарсиз шу билан бирга нарх жиҳатдан ҳам анча арзон, маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш мумкин бўлган био-сиёҳ яратиш бўйича узоқ йиллардан бери изланиш олиб бораётган эди. Йиллар давомида олинган натижалар биз кутганчалик самарали бўлмаган. 2024 йилда Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан эълон қилинган стажировка танловида иштирок этдим ва Германиянинг нуфузли Лейпциг университетида замонавий биопринт технологиялари ҳамда гидрогеллар олиш бўйича янги методларни ўргандим. Натижада инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконини берувчи био-сиёҳ бўйича ижобий хулосалар олдим. Янги гидрогел таркиби маҳаллий ўсимликлар полисахаридларидан иборат бўлиб, унда инсон ҳужайралари – iMSC яшай олади ва ривожланади. Бу эса инсон танасига бегона бўлмаган, тез мослашувчан ва хавфсиз сунъий аъзолар ҳамда тўқималарни чоп этишда айни муддао, – дея таъкидлади Олимжон Бойматов.

Янги гидрогел маҳаллий ўсимликлардан олинган полисахаридлар асосида тайёрланган бўлиб, инсон ҳужайралари учун қулай муҳит ярата олади. Бу эса сунъий тўқима ва аъзоларни чоп этиш жараёнида материалнинг биологик мослиги ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур ишланма Интеллектуал мулк агентлиги томонидан кўриб чиқилиб, ижобий хулоса берилган ва ҳозирда уни патентлаш жараёни давом этмоқда.

Маълумки, бугунги кунда жаҳонда орган трансплантациясига муҳтож беморлар сони ортиб бормоқда. Донор топиш имконияти чеклангани сабабли, биопринт технологиялари тиббиётнинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Ҳозирга қадар олиб борилган тадқиқотлар қон томирлар, тери ва тоғайлар, қолаверса юрак, жигар ва буйракни шу усулда чоп этиш мумкинлигини тасдиқлаган.

Хабарда қайд этилганидек, маҳаллий хомашё асосида био-сиёҳ ишлаб чиқариш келажакда донорлик аъзоларига бўлган эҳтиёжни қисқартириш, кўплаб беморлар ҳаётини сақлаб қолиш ҳамда мамлакатимиз илм-фани ва тиббиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшиши мумкин.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА