Янги ҳаётга берилган имконият

8

Амударё туманидаги «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғинида Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси Ж.Балтабоев раислигида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Суд мажлисида жазони ўташ давомида тузалиш йўлига ўтган, белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилган ва ҳалол меҳнат қилган 8 нафар шахсга нисбатан инсонпарварлик тамойили қўлланилиб, улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Таъкидланганидек, муддатидан илгари шартли озод қилиш – бу нафақат енгиллик, балки ишонч ва масъулият ҳамдир. Озод этилган шахсларга ушбу қарор улар учун янги имконият экани, ушбу давр мобайнида қонун талабларига қатъий риоя этиш зарурлиги тушунтирилди. Шунингдек, ўталмай қолган жазо муддати давомида қасддан яна жиноят содир этган тақдирда, Жиноят кодексининг 60-моддасига мувофиқ жазо чоралари қўшилиб, янада оғир жазо қўлланилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилди.

Ўтказилган ушбу сайёр суд мажлиси мамлакатимизда адолат ва инсонпарварлик тамойилларининг ёрқин ифодаси эканини яна бир бор намоён этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги