Пресс-тур: Чимбой туманида тадбиркорлик лойиҳалари ва янги иш ўринлари

42

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши ташаббуси билан Чимбой туманида республикамиз оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб журналистлар ҳудуд аҳолисининг бандлигини таъминлаб, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келаётган акциядорлик тижорат «Agrobank,» «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк»ларнинг Чимбой тумани филиалларида бўлиб, у ерда истеъмолчилар учун яратилган шароитлар ва сўнгги йилларда тадбиркорларга яратилаётган қулайликлар билан яқиндан танишди.

– 2025 йили филиалимизга бириктирилган 6 та маҳаллада яшовчи, уй шароитида ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш мақсадида, ўзини ўзи банд қилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича «Бизнесга биринчи қадам,» «Бизнесга кўмак» ва «Маҳалла лойиҳаси» дастури асосида 8 663 млн. сўм кредит ажратилиб, бунинг натижасида 342 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланишига эришилди, – дейди акциядорлик тижорат «Агробанк» Чимбой тумани филиали раҳбари Рустем Садиқов.- «Уйчи» тажрибаси асосида йил давомида туман ҳудудида тадбиркорлар ва фуқаролар билан 36 марта учрашиб, уларда 93 та мурожаат ўзининг ижобий ечимини топди. «Сайхунобод» тажрибаси асосида 281 та микролойиҳа ташкил этилиб, 314 нафар фуқаро бандлиги таъминланди.

– Асли Хоразм вилоятининг Хонқа туманиданмиз, – дейди мазкур банк мижози Юсупбой Кабулов. – Ўтган йили «Агробанк»нинг Чимбой тумани филиалидан «Кабуловлар оиласи» масъулияти чекланган жамиятига 70 сотих ерга иссиқхона қуриш учун 7 йил муддатга 1 млрд сўм 14 фоизли имтиёзли кредит олдик ва ўз фаолиятимизни бошладик. Шундан 2025 йилнинг март ва август ойларида иссиқхонамизга помидор-бодринг кўчатларини экиб, ундан етарлича ҳосил олишга эришдик. Сўнгра ўша экинлардан топган даромадимиз ҳисобидан олдинги 70 сотих иссиқхонага қўшимча 1 гектар ерга иссиқхона қуриб, ҳозирги кунларда ерларни шудгорлаб экишга тайёрлаб қўйганмиз. Жамиятимизда ҳозирги вақтда 15 киши доимий иш билан таъминланган. Шунингдек, экин экиш ва ҳосилни йиғиб олиш даврида уларга қўшимча 20-30 кишини мавсумий иш билан таъминлаяпмиз. Бунинг учун аввало ҳурматли Президентимизга ва банк ходимларига катта раҳмат айтамиз.

– Ўтган йили туман ҳудудида тўйхона қуриш учун «Халқ банки»нинг Чимбой тумани филиалидан 7 йил муддатга 5 млрд сўм имтиёзли кредит олган эдим, – дейди «Чимбойлик Исламбек – Албина» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абадан Ўтепбергенова. – Банкнинг шундай имтиёзли кредити туфайли 2025 йилнинг октябрь ойида 1000 ўринли «Дийдор» номли тўйхона халқ фаровонлиги учун фойдаланишга топширилди. Тўйхонада халқимиз учун барча қулай шароитлар яратиб берилган. Ундаги акустик ускуналар, замонавий монитор ва мусиқа жиҳозлари Хитой Халқ Республикасидан келтириб ўрнатилди. Нархларини ҳам халққа қулай қилиб қўйибмиз.

Шунингдек, ўтказилган пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари Кўкшиқалъа маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўлиб, корхона олиб бораётган ишлар билан яқиндан танишди.

– Корхона тўлиқ қувватда ишлаши натижасида 300 та иш ўрни яратилади ва йилига 5 минг тонна ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, – дейди Чимбой тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Наргиза Толибаева. – Шундан 8 миллион долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилиши режалаштирилган. Бу, албатта, туманимиз иқтисодиётининг юксалишига, ҳудуд аҳолисининг иш билан бандлигини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатади.

Тадбир давомида журналистлар жамият раҳбарларига ўзларининг саволларини бериб, уларга тегишли жавоблар олди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси