Ўқитувчилар, оилалар ва тадбиркорлар учун қонунчиликдаги ўзгаришлар

Ўзбекистонда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, таълим сифати ва бандликни оширишга қаратилган навбатдаги муҳим қарорлар қабул қилинди. Ушбу янгиликлар 2026 йилдан бошлаб ўқитувчилар, кам таъминланган оилалар, хотин-қизлар, ёшлар ҳамда тадбиркорлар учун янги имкониятларни яратади.
Белгиланган тартибга мувофиқ, жорий йил 1 мартдан бошлаб “маҳалла еттилиги” хулосаси асосида Ижтимоий реестрга киритилган I гуруҳ ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжуд бўлмаган оилаларнинг уй-жой шароитини яхшилаш ишлари амалга оширилади.
Хусусан, хонадонларнинг девор ва томларини изоляция қилиш, энергия тежамкор дераза ва эшик ўрнатиш, шунингдек, қуёш панеллари ёки гелиоколлекторлар ўрнатиш назарда тутилган.
Шунингдек, 2026 йил 1 мартдан оғир тоифадаги туманларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар йиллик 12 фоиз ставкада ажратилади. Бу аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Яна бир муҳим янгилик — 2026 йил 1 мартдан хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси туман ва шаҳар ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади. Бу қарор ушбу институтларнинг масъулияти ва таъсирчанлигини оширишга қаратилган.
Энг катта эътибор касбий таълим соҳасига қаратилмоқда. 2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январга қадар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан касбий таълим сифатини оширишга қаратилган янги субсидиялар жорий этилади. Жумладан, ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталарига халқаро даражада тан олинган ҳамда миллий касбий сертификатларни олиш учун сарфланган маблағларнинг 50 фоизи қоплаб берилади. Бу миқдор БҲМнинг 20 бараваригача бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, малакани баҳолаш марказларини ташкил этган тадбиркорларга харид қилинган баҳолаш воситалари харажатларининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 200 бараваридан ошмаган миқдорда субсидия ажратилади.
Ушбу қарорлар таълим сифатини ошириш, касбий малакани ривожлантириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА