Эҳтиёжманд оилалар учун қуёш энергияси асосида даромад манбалари яратилади
Камбағалликни қисқартириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда “оғир” маҳаллаларда қўшимча даромад манбаларини яратишга қаратилган навбатдаги муҳим қарор қабул қилинди.
Хусусан, 2026 йил 9 февралда қабул қилинган “Оғир маҳаллаларда кичик қуёш электр станцияларини барпо этиш орқали камбағал оилаларни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори шулар жумласидан.
Қарорга мувофиқ, “оғир” маҳаллаларда даромад келтирадиган актив сифатида қуввати 300–500 кВт соат бўлган кичик қуёш электр станцияларини ишга тушириш белгиланди. Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 110 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши назарда тутилган.
Ҳужжатда белгиланишича, бир ой муддатда қуйидаги масалаларни қамраб олган Президент қарори лойиҳаси киритилади:
— кичик қуёш электр станцияларини қонунчиликда белгиланган тартибда лойиҳалаштириш, давлат экспертизасидан ўтказиш, тендер асосида пудрат ташкилотини аниқлаш ҳамда қурилиш-монтаж ишларини ташкил этиш;
— мазкур станцияларни фойдаланишга қабул қилиш ва уларнинг самарали бошқарувини таъминлаш;
— қуёш электр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотишдан тушган маблағларни тақсимлаш механизмларини белгилаш.
Мазкур қарор “оғир” маҳаллалар аҳолисининг даромад манбаларини кенгайтириш, яшил энергиядан фойдаланишни рағбатлантириш ҳамда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳамроз Баянов, ЎзА