Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон қадри учун

94

Республикамизда тиббиёт соҳасида хорижий давлатлар билан ҳамкорлик ишлари такомиллаштирилиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича замон талаблари асосида янгиликлар жорий этилмоқда.

Жумладан, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси ва Исроил давлати ташқи ишлар вазирлигининг «MASHAV» агентлиги ўртасида ҳамкорлик ишлари жадал ривожланмоқда. Айниқса, агентликнинг тиббиёт соҳасида олиб бораётган кенг кўламли ишлари натижасида йўлга қўйилган лойиҳалари ўзининг ижобий натижасини бераётир. Шундай лойиҳалардан бири Қорақалпоғистондаги «Меҳрибон инсонлар» жамғармаси томонидан амалга оширилиб, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий болалар тиббий реабилитация марказида сув билан даволаш муолажасини ўтказиш учун барча қулайликларга эга хона ташкил этилди ва зарур жиҳозлар билан таъминланди.

Сўнг ушбу жамғарма вакиллари ушбу марказда бўлиб, беморларга яратилган имкониятлар билан танишди. Шунингдек, ўз навбатида беморлар ва уларнинг ота-оналари ҳам бу яратилган шароитлардан мамнун бўлиб, келган меҳмонларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

– Бу яратилган шароитлар ўз навбатида марказимизда даволанаётган болаларнинг тезроқ соғайиб кетишига ёрдам беради. Чунки, ҳаво-кўпикли сув билан курсли даволаш организмнинг ҳимоя кучларини оширади. Қон ва лимфа айланишининг яхшиланиши ҳисобига иммун тизими фаоллашади. Оёқ остида жойлашган барча нуқталар орқали гидравлик ванна организмдаги қон айланишини фаоллаштиради ва иммунитетни кўтаради, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий болалар тиббий реабилитация маркази директори Гулистон Назаримбетова. – Шундай қулай шароитларни яратиб бергани учун «Меҳрли инсонлар» жамғармасига катта раҳмат айтамиз.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси