Чой халта – эркаклар анъанавий кийимининг ноёб элементи

Чой халта – чой учун мўлжалланган халтача, И.В.Савицкий музейи тўпламида кенг намойиш этилган, эркаклар кийимининг энг нафис буюмларидан бири.
Чой халта сафар давомида зарур бўлган чой ва шакарни сақлаш учун ишлатилган. Йигитлар уни ўзлари билан олиб юришган. Ундаги ҳар бир кашта маънога бой: «муйиз» каби миллий нақшлар ҳимоя рамзи бўлиб, эзгу тилакларни ифодалаган. Бу оддий каштали халтача эмас, балки келин билан куёв ўртасидаги меҳр ва риштанинг рамзи ҳисобланган. Фотиҳадан сўнг қиз бўлажак турмуш ўртоғи учун чой халтани махсус бичиб, кашталаган – бу сепнинг бир қисми бўлиб, қизнинг маҳорати, сабр-тоқати ва эзгу ниятларини акс эттирган.


Бугунги кунда чой халта қорақалпоқ каштачилигининг ноёб намунаси ва халқнинг номоддий маданий меросининг муҳим гувоҳи сифатида қадрланади. Бу ашёларни асраб-авайлаш орқали музей кундалик маиший буюмлар санъат асарига айланган анъаналар хотирасини ҳурмат билан эъзозлайди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги