Омбудсманнинг 2025 йилдаги фаолияти сарҳисоб қилинди

21

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, ўтган даврда Омбудсман давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан ва самарали парламент назоратини амалга оширган. Ҳисобот йилида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) номига мамлакатимиз ва хорижий давлатлар фуқаролари ҳамда омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 26 минг 372 та мурожаат келиб тушган.

Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларни тиклаш Омбудсман фаолиятида устуворлик касб этган. Хусусан, парламент назорати ва фуқаролар мурожаатлари асосида 2025 йилда Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида 194 та таъсир чораси қўлланилган. Фуқаролар манфаатида жами 11 млрд. 82 млн. сўм ундирилган.

Шунингдек, кўплаб фуқаронинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқлари тикланган. Бузилган меҳнат ҳуқуқларини тиклаш мақсадида аҳолининг заиф қатламига “pro bono” тарзда судларга 88 та ариза, даъво ариза ва шикоятлар киритилишида ёрдам берилган.

Маърузада келтирилган маълумотларга кўра, экологик ҳуқуқлар билан боғлиқ мурожаатлар асосида бир қатор ҳудудларда мониторинг ишлари амалга оширилган. Жумладан, ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти натижасида атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатган ҳолатлар бўйича корхоналарда замонавий чанг ва газ ушлаш қурилмалари ўрнатилган, атроф-муҳитга етказилган зарар учун компенсация маблағлари ундирилиши таъминланган.

М.Комилова, ЎзА