Электрон тижорат платформалари ва сервислари жадал ривожлантирилади
Парламент қуйи палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида фракция аъзолари бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқди. Жумладан, электрон тижорат соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси электрон тижоратнинг шаффоф ва очиқ экотизимини яратиш, электрон тижорат платформалари ва сервисларини жадал ривожлантиришга қаратилган.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида электрон тижорат соҳасидаги истеъмолчилар муомаласига кириб бораётган янги йўналишлар — электрон савдо платформаси, буюртмалар агрегатори ва рақамли стриминг хизмати ҳамда уларнинг операторлари тушунчалари аниқлаштирилди.

Шунингдек, трансчегаравий электрон тижорат атамасига таъриф берилиб, унинг тартиб-таомилларини ишлаб чиқиш зарурлиги тўғрисидаги қоидалар киритилди.
Бундан ташқари, лойиҳада электрон тижорат билан боғлиқ хизмат кўрсатиш ва савдо муносабатларида истеъмолчиларга танлов қилиш жараёнида шаффофликни таъминлаш ҳамда улар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, электрон тижорат операторларига истеъмолчилар томонидан шарҳлар қолдириш имкониятини яратиш, уларни ўзгартирмаслик ва сақланишини таъминлашга оид мажбуриятлар белгиланди.

Назарда тутилаётган нормалар иқтисодиётдаги яширин айланмалар ҳажмини қисқартириш ҳамда электрон тижорат муносабатларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА