Ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва илмий ечимлар муҳокама қилинди

16

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини замонавий илмий ёндашувлар асосида ривожлантириш, янги ерларни самарали ўзлаштириш ва аграр соҳада барқарор ўсишни таъминлаш давлат сиёсатида устувор йўналишга айланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигида янги ерларни ўзлаштириш ҳамда соҳада илм-фанни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишган эди.

Тақдимот чоғида давлатимиз раҳбари томонидан ушбу йўналишларда самарали натижаларга эришиш учун амалдаги институционал инфратузилмани такомиллаштириш, шунингдек, ташкил этиладиган Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича қатор муҳим топшириқлар берилган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигида ташкил этилган мулоқотда ҳам аграр соҳада таълим, илмий-тадқиқот ва ишлаб чиқаришни ўзаро узвий боғлайдиган ягона тизимни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, жорий йилда 25,5 минг гектар мева боғлари ва 5 минг гектар узумзорлар барпо этилади ва шу орқали 48 мингта доимий ҳамда мавсумий иш ўринлари яратилади.

Шунингдек,  соҳада инновацион ва самарали ечимлар жорий этилади, инвестиция ҳамда хорижий грантларни фаол жалб қилиш бўйича янги лойиҳалар амалиётга татбиқ этилади.

Йиғилиш якунида баҳорги экиш мавсумига тайёргарлик кўриш, уруғликларни ўз вақтида экишга тайёрлаш, шунингдек, ҳудудларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, самарадорликни оширишга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА