Февраль охиригача боғча болалари гриппга қарши бепул эмланади

20

Жорий йилнинг февраль ойи охиригача мамлакат бўйлаб давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар гриппга қарши бепул эмланади. Бунинг учун давлат томонидан 520 минг доза гриппга қарши вакцина харид қилиниб, ҳудудларга етказиб берилди.

Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мактабгача ёшдаги болалар грипп вирусига нисбатан энг ҳимоясиз қатлам ҳисобланади. Болалар жамоада кўп бўлгани сабабли инфекция тез тарқалади ва касаллик оғир кечиши мумкин. Айниқса, қиш мавсумининг охири — февраль ойида грипп асоратлар билан намоён бўлиш хавфи юқори бўлади.

Февраль ойида ўтказилаётган эмлаш орқали болалар пневмония, бронхит, отит каби оғир асоратлардан ҳимояланади, шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларида оммавий касалланиш ҳолатларининг олди олинади. Қайд этилишича, грипп вируслари февраль-март ойларида ҳам фаол бўлади. Вакцина юборилгандан сўнг 10-14 кун ичида бола организмида иммунитет шаклланиб, мавсум охиригача муҳофаза таъминланади.

Тиббий маълумотларга кўра, грипп оддий шамоллаш эмас. У болаларда юқори иситма, кучли заҳарланиш, нафас олиш қийинлашиши ҳамда ўпка яллиғланиши каби жиддий ҳолатларга олиб келиши мумкин. Статистик кузатувлар эмланмаган болаларда касаллик оғир кечиши ва асоратлар кўпроқ учрашини кўрсатмоқда. Эмлаш эса касалланиш хавфини камайтириш билан бирга, касалликнинг енгил шаклда ўтишини таъминлайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, гриппга қарши вакцинация боланинг иммун тизимини мустаҳкамлайди, жамоада инфекция тарқалиш занжирини узади. Бу эса нафақат болалар, балки ота-оналар ва таълим муассасалари учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Хабарда қайд этилишича, эмлаш жараёнида барча болалар шифокор кўригидан ўтказилади ва фақат соғлом болалар вакцинация қилинади. Гриппга қарши вакциналар хавфсиз ва самарали бўлиб, кўп йиллик тиббий амалиётда ўз самарадорлигини исботлаган.

Мутахассислар ота-оналарни болаларини ўз вақтида эмлатишга чақириб, эмлаш соғлом келажакни таъминлашда энг ишончли воситалардан бири эканини таъкидламоқда.

Моҳигул Қосимова, ЎзА