Божхона бошқармасида касаба уюшмаси ҳисобот берди

10

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида бошланғич Касаба уюшмаси томонидан 2025 йилда амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар бўйича шахсий таркибга ҳисобот берилди. Йиғилишда Ўзбекистон давлат идоралари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон кенгаши раиси ўринбосари, божхона бошқармаси раҳбарияти ва шахсий таркиби иштирок этди.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2025 йил давомида ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида 1 нафар ходимга 300 млн. сўм миқдорида ссуда берилган. АТ «Алоқа банк» билан ҳамкорликда 5 нафар ходим уй-жой сотиб олиши учун паст фоизли ипотека кредитлари билан таъминланди. 3 нафар ходим ва уларнинг ота-оналарига соғломлаштириш муассасаларига имтиёзли йўлланма олишда амалий ёрдам кўрсатилди. Ходимларнинг маданий ҳордиқ чиқариши учун 95 та театр ва концертларга чипталар сотиб олинди.

Ходимларнинг фарзандлари учун янги йилдаги саҳналаштирилган байрамларга чипталар сотиб олиниши таъминланди.

Шунингдек, 26 январь – Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни муносабати билан бошланғич Касаба уюшмаси ташкилоти маблағлари ҳисобидан 70 нафар ходимга қимматбаҳо совғалар топширилди. Бундан ташқари, божхона ходимларининг фарзандларини олий таълим муассасаларига киришини қўллаб-қувватлаш мақсадида Божхона қўмитаси Раисининг тавсиялари асосида ўтган йиллар давомида жами 12 нафар ходимнинг фарзандлари республикамизнинг нуфузли олий ўқув юртларига давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинди.

Тадбир якунида 2026 йилда амалга ошириладиган ишлар режаси муҳокама қилиниб, галдаги вазифалар келишиб олинди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги