Йўлларда хавфсизлик чоралари кўрилмоқда

7

«Қор ёғди деб қувонма, аёзи бўлар изидан» деганидек оппоқ қор қиш мавсумининг кўрки бўлиб, ҳаво тозаланиб, одамга яхши кайфият бағишлагани билан қорнинг сўнгидан бўладиган совуқ ва йўллардаги ноқулайликлар йўловчиларга қийинчиликларни келтириб чиқаради. Айни пайтда мутасадди идораларнинг иш жараёни тезкорликни талаб этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари бош бошқармаси матбуот котиби Д. Жумамуратов бошқарма ходимлари томонидан олиб борилаётган ишларни қуйидагича маълум қилди:

– Куни кеча Нукус шаҳрида қор ёққанлиги сабабли шаҳар кўчаларида йўл-транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича тезкор чоралар кўрилди. Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари бош бошқармаси тизимидаги ташкилотлар томонидан махсус техника ва бригадалар жалб этилди.

Йўлларда музлаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида автомобиль йўл қатнов қисмларига қум-туз аралашмаси сепилди, шунингдек, қор тозалаш ишлари узлуксиз давом эттирилмоқда. Бу ишлар шаҳар кўчаларида фуқароларнинг хавфсиз ва эркин ҳаракатланишини таъминлашга қаратилган.

Шу билан бирга, бу тадбирлар нафақат Нукус шаҳрида, балки республиканинг бошқа туманларида ҳам йўл хўжалиги ходимлари томонидан тизимли равишда амалга оширилмоқда. Йўлларни қордан тозалаш ва қум-туз аралашмасини сепиш ишлари ҳудудлар кесимида узлуксиз давом эттирилмоқда.

                                                   Қорақалпоғистон ахборот агентлиги