Ўзбекистон Миллий университети билан ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди

Бугун Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети ректори билан икки томонлама ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.
Учрашувда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори профессор Иномжон Маджидов ва методик таъминот ва таълим сифатини назорат қилиш бўйича проректор Равшан Мусурмонов, Қорақалпоқ давлат университети ўқув ишлари бўйича проректори Олимжон Дуйсенбаев, Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Изимбет Турдимамбетов, университетнинг Магистратура бўлими бошлиғи Илимпаз Алламбергенов докторантлар ва магистрантлар иштирок этди.
Учрашувнинг асосий мақсади олий ўқув юртлари ўртасидаги илм-фан, таълим, инновацион фаолият, умуман олганда илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш бўйича ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдир. Тадбир давомида Иномжон Мажидов Ўзбекистон миллий университети ҳақида йиғилганларга маълумот берди.
Хусусан, 108 йилдан буён кадрлар тайёрлаб келаётган ушбу университетнинг нафақат Осиё мамлакатлари, балки бутун дунё бўйича ўрни алоҳида. Ҳозирги кунда 56 та таълим йўналиши бўйича талабалар ўқитилиб, уларга 19 нафар академик, 250 нафар фан докторлари ва профессорлар, 450 нафардан зиёд фан номзодлари ва доцентлар таълим беради.




Қорақалпоқ давлат университети магистрантлари ва докторантлари ҳам энди ушбу университет профессорлари билан ҳамкорлик қилиши, кутубхона базаси ва илмий базадан фойдаланиши мумкинлиги таъкидланди. Тадбир давомида йиғилганлар билан фикр алмашилди. Магистрантлар ва докторантлар ўзларининг таклифларини билдириб, қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Бийбисанам Жолдасбаева,
Бердақ номидаги ҚҚДУнинг 2-курс магистранти.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги