Депутат ташаббуси билан маҳалладаги  муаммолари  ҳал этилмоқда

22

Халқ вакили — бу фақат лавозим эмас, балки аҳолининг кундалик муаммолари билан яқиндан шуғулланувчи шахсдир. ЎзЛиДеПдан Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашига 3-Дўстлик сайлов округидан сайланган Мадамин Казаков ана шундай фаол вакил сифатида алоҳида эътиборга лойиқдир.

Депутатлик фаолияти давомида Мадамин Казаков маҳаллий бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича доимий комиссия раиси сифатида аҳолининг долзарб муаммоларига амалий ечим топишга қаратилган қатор ишларни амалга оширмоқда. У ўз депутатлик фаолияти давомида аҳолини қийнаб келаётган долзарб муаммоларни ҳал этиш мақсадида масъул ташкилотларга 7 та депутат сўрови киритиб, улар ижросини қатъий назоратга олган.

Депутат сўровлари асосида туманда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, депутатнинг “Фаровон” маҳалласидаги сайловчилари билан бўлган учрашувида “Навбаҳор” кўчасида 2001 йилда аҳоли ҳашар йўли билан қурилган кўприкнинг авариявий ҳолатга келганлиги ҳақида мурожаат келиб тушган эди. Ҳудудда кўприкнинг ишлатилиши аҳоли учун хавфли ҳолат яратаётгани сабабли депутат ушбу масалани жойига чиқиб ўрганди ва тегишли идораларга сўров юборди.

Сўров натижасида Ислом тараққиёт банки томонидан кўприкни қайта қуриш учун зарур маблағ ажратилиб, қурилиш ишлари бошланди. Қурилиш ишлари режага мувофиқ олиб борилмоқда ва жорий йилнинг март ойида тўлиқ якунланиши кутилмоқда. Бу аҳоли учун хавфсиз ва қулай ҳаракатланишни таъминлайдиган муҳим чора-тадбир ҳисобланади.

Шунингдек, “Фаровон”, “Янгиобод” ва “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида томорқа ерларини суғоришда сув етишмаслиги масаласи юзасидан ҳам мурожаатлар келиб тушди. Ҳудуд аҳолиси томонидан билдирилган мазкур муаммога депутат аралашуви ва суровнома орқали амалий ечим топилди. Натижада, икки дона насос қуриб берилди ва ҳозирда 320 хонадон томорқа ерларига сув етиб бориши таъминланди. Шу билан бирга, сувни оқилона тежаш ва каналларни узлуксиз фойдаланиш мақсадида каналларни бетонлаш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, маҳаллалардаги 21 та кўча йўлларининг ҳолати аҳоли учун жиддий қийинчилик туғдириб келаётгани — айниқса, ёмғирли ва қорли кунларда ҳаракатланишни деярли имконсиз қилаётгани ҳақида ҳам депутатга мурожаат келиб тушди. Мазкур масала депутат томонидан тегишли ташкилотлар билан ўрганилди ва 21 та кўчага шағал-қум аралашмаси (ШПС) ётқизиш ишларига март ойидан старт берилиши белгиланди. Бу чора-тадбирлар маҳалла аҳолиси учун муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб, турмуш сифатини сезиларли даражада яхшилашга ҳизмат қилади.

Амалга оширилаётган ушбу ишлар аҳоли мурожаатларини ижобий ҳал этиш, инфратузилмани модернизация қилиш ва маҳаллада ҳаётий аҳамиятга эга масалаларни бартараф этишга қаратилган бўлиб, депутатлик назоратида давом эттирилмоқда.