Халқ билан юзма-юз: депутат сайловчилар билан учрашди

13

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Халқ депутатлари Нукус туман Кенгашига 12-сонли “Ўрнак” сайлов округидан сайланган депутат Марат Аминов сайловчилар билан навбатдаги учрашувини ўтказди.

Учрашув “Дийхан арна” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилиб, унда маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этди. Учрашув очиқ мулоқот руҳида ўтиб, депутат ва аҳоли ўртасида ўзаро фикр алмашиш учун самарали майдон бўлди.

Тадбир давомида депутат томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида белгиланган 6 та устувор йўналиш мазмун-моҳияти атрофлича тушунтириб берилди. Шунингдек, мамлакатни узоқ муддатли ривожлантиришга қаратилган такомиллаштирилаётган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг асосий мақсад ва вазифалари, аҳоли турмуш даражасини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган устувор йўналишлар хусусида тўхталиб ўтилди.

Учрашувнинг энг муҳим қисми фуқаролар мурожаатларини тинглашга бағишланди. Аҳоли томонидан коммунал хизматлар сифати, инфратузилмани яхшилаш, иш ўринлари яратиш, ёшлар ва хотин-қизлар масалаларига оид бир қатор таклиф ва муаммолар билдирилди. Депутат томонидан ҳар бир мурожаат диққат билан тингланиб, уларнинг ечимини топиш бўйича тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш, айрим масалаларни депутатлик назоратига олиш белгиланди.

                                                               Қорақалпоғистон ахборот агентлиги