Қорақалпоғистонлик ёш умидли футболчилар ҳозир қайси клубларда ўйнамоқда?

Сўнгги йилларда юртимизда спортга, жумладан, болалар футболига қаратилаётган алоҳида эътибор ва қўллаб-қувватлаш натижасида, жаҳон футболида ўз ўрнига эга кучли футболчилар етишиб чиқмоқда.
Улар орасида, Элдор Шомурадов, Абдуқодир Хусанов, Аббос Файзуллаев ва Муҳаммадали Ўринбоев каби футболчиларни айтиб ўтиш мумкин. Мана шундай футболчиларнинг қўлга киритаётган ютуқларини ўзларига намуна қилиб олган қорақалпоғистонлик ёш футболчилар ҳам Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида ўз маҳоратларини намойиш этиб, ҳар йили 2-3 нафар футболчи мамлакатимизнинг ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларига аъзо қилиб олинмоқда. Шу билан бирга, улар юртимизнинг энг кучли клублари билан шартнома тузиб, ҳозирги кунда ушбу жамоа таркибида муваффақиятли ўйин кўрсатмоқда. Хусусан, келажагидан катта умид кутаётган ёш футболчиларимиздан Азизбек Еримбетов ва Нурбек Сарсенбаевлар мамлакатимизнинг ўтган йилги мавсуми чемпиони Фарғонанинг «Нефтчи» клубида ўйнаб турган бўлса, ўтган йили «Olimpik MobiUz»да ўйнаган ёшларимиздан дарвозабон Самандар Муратбаев бу йил Қаршининг «Насаф,» ярим ҳимоячи Муҳаммедали Реймов Тошкентнинг «Локомотив» жамоаси аъзоси бўлди.

Албатта, бу трансферлар республикамиз ёш футболчиларига катта мотивация бўлди дея оламиз ва уларнинг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тилаймиз.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси