«Орол» янги мавсумга пухта тайёрланмоқда

Тошкент шаҳрида футбол бўйича Ўзбекистон Про-лигаси ва кубоги мусобақаларига пухта тайёргарлик кўраётган Нукуснинг «Арал» клуби янги мавсум олдидан бир неча клублар билан ўртоқлик ўйинларини ўтказди.
Хусусан, 5 февраль куни Тошкент шаҳридаги Олимпия захиралари стадионида ўтказилган ўйинда республикамиз бош жамоаси Самарқанднинг «Динамо» клубига қарши майдонга тушиб, Суперлига вакилига 0:4 ҳисобида ютқазиб қўйди.

6 февраль куни «Орол» Тошкент шаҳрининг «Пахтакор Фарм» клуби билан ўйнаб, ўз рақибларини 3:2 ҳисобида енгишга муваффақ бўлди. Учрашувнинг 15-дақиқасида жамоамиз футболчиси Семир Маркисич «Пахтакор Фарм» дарвозасини аниқ нишонга олиб, ҳисобни очган бўлса, 20-дақиқада тошкентлик футболчилар жамоамиз дарвозасига жавоб голини уришга муваффақ бўлди. Шундан сўнг жамоамиз ўйиндаги устунликни ўз қўлига олиб, учрашувнинг 23 ва 55-дақиқаларида «Орол» клуби аъзоси Руслан Ануаров «Пахтакор Фарм» дарвозасини икки марта аниқ нишонга олишга муваффақ бўлди.
Бу голга тошкентлик футболчилар жамоамиз дарвозасига 84-дақиқада жавоб тўпини йўллаб орадаги ҳисобни 3:2 га етказди ва учрашув шу ҳисоб билан якунланди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси