Ташқи ишлар вазирлигининг ахбороти эшитилди

11

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан Ташқи ишлар вазирлигининг давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришилиши, ажратилган маблағларнинг сарфланиш ҳолати ҳамда уларнинг самарадорлиги юзасидан ахбороти эшитилди.

Эшитувда вазирлик фаолиятининг молиявий самарадорлиги, маблағлардан фойдаланиш шаффофлиги ҳамда белгиланган мақсадли кўрсаткичларнинг барқарор ижросига эътибор қаратилди.

Президентимизнинг Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги топшириқларидан келиб чиқиб, иқтисодий ҳамкорлик йўналишидаги фаолиятни янада кучайтириш, хориждаги дипломатик ваколатхоналар ишида савдо-иқтисодий натижадорликни асосий устувор йўналиш сифатида белгилаш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, тадбирда молиявий операциялар мониторингини янада такомиллаштириш, бюджетдан ташқари маблағлар билан боғлиқ барча молиявий жараёнларни Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ягона электрон дастурий тизимига интеграция қилиш борасидаги ишлар ҳолати юзасидан ҳам вазирлик ахбороти эшитилди.

Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда стратегик мақсадлар ижросини таъминлаш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

М.Комилова, ЎзА