Ўзбекистон Ҳиндистондан ҳайвон ва парранда импортини вақтинча тўхтатди

25

Ўзбекистонда 29 январдан бошлаб Ҳиндистондан тирик ҳайвонлар ва паррандалар, шунингдек Ғарбий Бенгалия штатидан давлат ветеринария назоратидаги барча ҳайвонот маҳсулотлари импорти вақтинча тўхтатилди.

Бу ҳақида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси хабар бермоқда.

Ушбу қарор Жаҳон ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилоти (WOAH) ҳамда очиқ манбаларда эълон қилинган маълумотларга асосланган. Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалия штатида Нипаҳ вируси тарқалиши боис мураккаб эпидемиологик вазият юзага келган.

Шу боис, Ҳиндистоннинг барча ҳудудидан тирик ҳайвонлар ва паррандалар импорти тўхтатилди. Ғарбий Бенгалия штатидан давлат ветеринария назорати остидаги барча турдаги товарлар импорти чекланди (халқаро транзитдан ташқари).

Шу билан бирга, Ҳиндистоннинг барча ҳудудидан тирик ҳайвон ва паррандалар импорти чекланди.

Маълумот учун, Нипаҳ вируси ҳайвонлардан одамларга юқади ва оғир нафас йўллари касалликлари ҳамда ўлимга олиб келувчи энцефалитни келтириб чиқариши мумкин.

Эпизоотик жиҳатдан хавфсиз ҳудудлардан маҳсулотлар олиб кириш масаласи давлат ветеринария хизмати томонидан алоҳида кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, фуқаролар Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиёда Нипаҳ вируси тарқалиши шароитида эҳтиёт чораларини кўришга чақирилган, мутахассислар вируснинг Ўзбекистонга кириб келиш эҳтимоли жуда пастлигини таъкидлаган эди.

Ш.Маматуропова, ЎзА