Халқаро ҳамкорликка оид архив ҳужжатлари – халқ дипломатияси учун муҳим манба

10

Маълумки, бугунги кунда халқ дипломатияси Ўзбекистон ташқи сиёсатини янада бойитиб, хорижий мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларида муҳим воситага айланиб бормоқда.

Мустақиллик йилларида давлат ва жамоат арбоблари, олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, ҳунармандлар каби жамоатчилик вакилларининг амалий саъй-ҳаракатлари мамлакатимизнинг халқаро миқёсда танилиши ва нуфузи ошишига хизмат қилмоқда. Уларнинг фаолиятига оид архив ҳужжатларни ўрганиш, таҳлил қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази,  Ўзбекистон Республикасининг Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамда “Ўзархив” агентлиги ҳамкорлигида “Халқаро ҳамкорликка оид архив ҳужжатлари – халқ дипломатияси учун муҳим манба” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбир халқаро ҳамкорликка оид архив ҳужжатларининг аҳамияти ва халқ дипломатиясига қўшадиган ҳиссаси ҳақидаги муҳим муҳокамалардан иборат бўлди.

Давра суҳбатида Биродар шаҳарлар альянси, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти, Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети Манбашунослик ва архившунослик кафедраси, Ўзбекистон миллий архивлари, тарихчи олимлар ва миллий маданий марказлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг муҳим қисмларидан бири архив материаллари кўргазмаси бўлиб, унда Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви ва Ўзбекистон миллий архиви сақловидаги халқаро алоқаларга оид 40 дан ортиқ ҳужжат намойиш этилди.

Иштирокчилар мазкур материаллар орқали Ўзбекистоннинг халқаро алоқалардаги ўрни ва халқ дипломатиясининг ривожланишини ўрганиш имкониятига эга бўлди.

Давра суҳбатида маърузалар орқали халқаро алоқалар, тарихий мерос ва халқ дипломатиясини ривожлантириш бўйича бир қатор янги таҳлиллар тақдим этилди.

Жумладан, халқ дипломатиясининг аҳамияти, ундан фойдаланиш усуллари ва истиқболлари хусусида атрофлича сўз юритилди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази директори Қ.Собиров халқаро ҳамкорликдаги замонавий тенденциялар ва халқ дипломатиясининг глобал аҳамияти ҳақида фикр билдирди.

“Ўзархив” агентлиги директори У.Юсупов архив иши ва архив материаллари орқали халқ дипломатиясини ривожлантириш имкониятларини маълум қилди.

–  Ўзбекистоннинг маданий меросини асраш ва дунёга кенг тарғиб этиш бугун жуда муҳимдир, – деди Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори  Жаннат Исмоилова. – Энг катта тарихий фотосуратлар  бизнинг музейда мавжуд.  Шу сабабли  катта кўргазма ташкил этиш таклифини билдирмоқчи эдим. Шу билан бирга, хориждаги музейларда ҳам мамлакатимиз тарихига оид кўплаб фото материаллар, архив ҳужжатлари бор. Улар билан ҳамкорликни кенгроқ йўлга қўйиш муҳимдир. Бу йил Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланади. Бугун Ўзбекистон янги ташаббусларни илгари сураётган давлат сифатида  жаҳонга танилмоқда. Бунда тегишли ташкилотлар, шунингдек, “Биродар шаҳарлар альянси” тузилмаси билан ҳамкорликни кучайтириш  алоҳида аҳамият касб этади.

Давра суҳбати якунида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази ва Тошкент шаҳридаги «Келажак» маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА