Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти илк бор “OTM Mumbai” сайёҳлик кўргазмасида намойиш этилмоқда

27

Жорий йилнинг 5-7 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган туристик компаниялар вакиллари илк бор Ҳиндистон ва Осиёдаги энг йирик сайёҳлик кўргазмаларидан бири — “OTM Mumbai”да иштирок этмоқда.

Кўргазма доирасида ташкил этилган Ўзбекистон миллий стенди меҳмонлари мамлакатимизнинг бой маданий мероси, ноёб сайёҳлик йўналишлари ҳамда замонавий туристик хизматлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлмоқда.

“OTM Mumbai” кўргазмаси доирасида халқаро туроператорлар, авиакомпаниялар, етакчи медиа компаниялар ва инвесторлар билан B2B учрашувлар ҳамда ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон туризм брендини тарғиб қилиш ва хорижий сайёҳлар оқимини оширишга қаратилган тақдимотлар ташкил этилмоқда.

Мазкур нуфузли кўргазмада иштирок этиш Ўзбекистон учун Ҳиндистон сайёҳлик агентликлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, истиқболли ҳамкорлар ва инвесторлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, шунингдек мамлакатнинг дам олиш ва саёҳат қилиш учун мавжуд ноёб имкониятларини кенг намойиш этиш имконини бермоқда.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “OTM Mumbai” кўргазмаси ҳар йили 50 дан ортиқ мамлакатдан сайёҳлик саноати вакилларини бир жойга жамлаб, тажриба алмашиш, битимлар тузиш ҳамда янги сайёҳлик маҳсулотларини тақдим этиш учун муҳим халқаро платформа ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг ушбу тадбирда иштирок этиши мамлакатлар ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик ва сайёҳлик алоқаларини кенгайтириш истиқболларини очади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА