Сенат ялпи мажлиси давом этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлиснинг кеча бўлиб ўтган биринчи иш кунида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, спортни оммалаштириш, шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонунлар маъқулланди.
Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этиш, экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Қонунчиликка киритилаётган қўшимчага кўра, ҳукумат аъзолигига тақдим этилган шахслар ва ҳоким лавозимига номзодлар энди ўз фаолият дастурлари билан бир қаторда коррупциянинг олдини олиш бўйича шахсий режаларини ҳам тақдим этиши шарт этиб белгиланмоқда.
Ялпи мажлис иккинчи иш кунида Ўзбекистон билан Венгрия ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш, 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга ошириш бўйича белгиланган вазифалар, ижтимоий соҳага ихтисослашган давлат ва хусусий олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари ижросининг муҳокама этилади.
Вазирлар Маҳкамасига ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш, қурилиш ишларини тартибга солиш, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш, алимент ундириш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича юборилган парламент сўровлари натижалари кўриб чиқилади.
Ялпи мажлис доирасида Конституциявий суд ва Олий суд таркибларига ўзгартиришлар киритишга оид масалалар ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Мажлисда кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида батафсил ёритиб борамиз. Бизни кузатиб боринг!
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА