Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
5 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Ўн учинчи ялпи мажлиснинг биринчи иш кунини сенаторлар парламент юқори палатасининг 2025 йилдаги фаолияти натижалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган устувор вазифаларни муҳокама қилишдан бошлади.
Мазкур масала юзасидан Сенат Раиси маъруза қилиб, ўтган йил давомида Сенат томонидан қонунчилик, назорат-таҳлил, халқаро ҳамкорлик, маҳаллий Кенгашлар билан ўзаро ҳамкорлик ҳамда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш йўналишларида эришилган асосий натижаларга тўхталди.
Маълум қилинишича, 2025 йилда Сенат томонидан 136 та қонун кўриб чиқилиб, уларнинг 130 таси маъқулланган. Янги конституциявий ваколатлардан келиб чиқиб, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш каби муҳим йўналишлар бўйича 13 та қонунчилик ташаббуслари илгари сурилган.
Назорат-таҳлил фаолияти доирасида 83 та тадбир ўтказилиб, ҳудудларда аҳолини қийнаётган масалалар юзасидан Ҳукуматга аниқ таклифлар киритилган. Жумладан, аҳолини ташвишга солаётган 1,5 мингдан ортиқ масалалар аниқланган ва Ҳукуматга киритилган таклиф асосида уларни ҳал қилиш учун 2026 йилда Давлат бюджетидан 2,2 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Сенат халқаро ва парламентлараро фаолиятини жадал давом эттирди. Хорижий ҳамкорлар билан кўплаб учрашувлар ўтказилди, нуфузли халқаро анжуманлар ташкил этилди.
19 та мамлакат билан янги парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этилган. Қатор йирик халқаро тадбирлар, хусусан 2025 йил 5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси юқори савияда ўтказилган.
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини кучайтириш, депутатлар салоҳиятини ошириш ва маҳаллаларда муаммоларни ҳал этишга қаратилган ишлар амалга оширилди.
Сенат қўмиталари томонидан маҳаллий Кенгашлар билан ҳудудлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни муҳокама этиш ва ҳал қилиш бўйича қўшма сайёр мажлисларни ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган. Депутатларнинг малакаси ва касбий салоҳиятини ошириш мақсадида 100 дан ортиқ ўқув семинарлари ўтказилган.
Ялпи мажлисда 2026 йилда Мурожаатномада белгиланган устувор йўналишлар асосида қонун ижодкорлиги, парламент назорати, ҳудудлар билан ишлаш, аҳоли билан мулоқотни янада кучайтириш ва халқаро алоқаларни кенгайтириш вазифалари белгилаб олинди.
Муҳокама якунида сенаторлар томонидан таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилиб, ушбу йўналишлар бўйича аниқ вазифаларни белгилайдиган Сенат қарори қабул қилинди.
Шунингдек, ялпи мажлисда “Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бироқ амалдаги қонунчилик ҳужжатларида тадбиркорлик субъектларининг доимий равишда хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш мажбурияти ва масъулияти белгиланмаган.
Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлигини таъминлаш тизими халқаро талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги натижасида республикамизда озиқ-овқат маҳсулоти истеъмоли билан боғлиқ касалликлар, овқатдан заҳарланиш ҳолатлари кузатилмоқда, бу эса, ўз навбатида, аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, соҳада назоратни кучайтириш ҳамда маҳсулот хавфсизлигининг умумий тамойилларини халқаро талаблардан келиб чиққан ҳолда белгилашга йўналтирилган қонунчиликни такомиллаштириш заруратини юзага келтирмоқда.
Қонун билан озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигини таъминлашнинг асосий принциплари, ваколатли давлат органларининг соҳадаги ваколатлари аниқ белгиланмоқда.
Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни мувофиқлаштириш мақсадида Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги бўйича идоралараро кенгаш фаолияти йўлга қўйилиши назарда тутилмоқда.
Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлигига доир санитария чоралари, қоида ва нормаларни ишлаб чиқиш ҳамда қўллаш тартиби санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш битими талаблари билан уйғунлаштирилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга, соҳада давлат назоратини кучайтиришга, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ҳамда озиқ-овқат соҳасининг инвестициявий жозибадорлигини ва экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг янги таҳрирдаги “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, ушбу қонун билан жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш давлат томонидан қўллаб-қувватланиши аниқ белгилаб берилмоқда.
Жисмоний тарбия ва спорт субъектлари қаторига Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Миллий паралимпия қўмитаси киритилмоқда ҳамда уларнинг қўшимча ваколатлари белгиланмоқда.
Қонунда паралимпия, сурдлимпия, махсус олимпия ва кўзи ожизлар спорти ҳаракатларига доир нормалар, спорт федерациялари, клублари ва лигаларининг ҳуқуқий мақоми ҳамда фаолият юритиш тартиби, уларни реестрга киритиш ва чиқариш мезонлари мустаҳкамланмоқда.
Шунингдек, қонунда мураббий, спорт ҳаками ва спорт агентининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгиланмоқда.
Бундан ташқари, спортда допингнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тартиби, спорт мусобақалари натижаларига қонунга хилоф равишда таъсир кўрсатишга қарши курашиш тўғрисидаги янги нормалар киритилмоқда.
Қонунда аҳолини оммавий спортга жалб қилиш ва оммавий спорт тадбирларини тизимли ўтказиб боришга эътибор қаратилган.
Қонунда давлат томонидан спортчи ҳамда мураббийга бир марталик ва ойлик тўлов шаклидаги қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилиши мумкинлиги мустаҳкамланмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонун соҳани янада ривожлантиришга, жисмоний тарбия ва спортга оид муносабатларни тизимли ташкил этишга хизмат қилади. Бундан ташқари, ушбу қонун билан амалиётда мавжуд ноаниқликлар ва ҳуқуқий бўшлиқлар бартараф этилади, унда вазирлик ва идораларнинг ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг соҳага оид вазифалари аниқ белгилаб қўйилган.
Сенаторлар мазкур қонунни маъқуллади.
Ялпи мажлисда “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун ҳам муҳокама этилди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган дастурчи-фрилансерлар ўзлари яратган дастурий маҳсулот ва рақамли контентни хорижий мижозларга сотишда халқаро электрон платформалардан кенг фойдаланмоқда. Айрим йирик платформалар ёрдамида тўловлар банк карталари ёки банк ўтказмалари орқали амалга оширилаётган бўлса-да, Upwork, Fiverr, Envato, Storyblocks каби платформаларда тўловлар фақат PayPal орқали амалга оширилиши мумкин.
Бироқ ҳозирги вақтда PayPal тўлов тизими Ўзбекистонда чиқарилган банк карталари орқали тўлиқ ишламайди. Бу чеклов мамлакатимиз қонунчилиги, хусусан, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунда белгиланган маълумотларни фақат Ўзбекистон ҳудудида сақлаш талаби билан боғлиқ. Натижада халқаро тўлов тизимларининг Ўзбекистон бозорига кириши муайян даражада чекланиб қолмоқда.
Қонунга киритилаётган ўзгартиришлар бу борадаги муаммоларни бартараф этади. Халқаро онлайн тўлов тизимларининг мамлакатимизда фаолият юритишини енгиллаштириш, финтех, электрон тижорат ва рақамли иқтисодиёт ривожини жадаллаштириш, фрилансерлар учун қонуний ва шаффоф тўлов механизмларини яратиш, чет эллик туристлар учун контактсиз тўлов имкониятларини кенгайтириш шулар жумласидандир.
Қонунда фақат айрим турдаги шахсга доир маълумотлар (биометрик, генетик ҳамда телекоммуникация хизматлари билан боғлиқ маълумотлар) Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шартлиги белгиланмоқда.
Бошқа маълумотларни чет элга узатиш ва сақлаш учун аниқ хавфсизлик талаблари жорий этилиб, Вазирлар Маҳкамасига шахсга доир маълумотлар хавфсизлиги таъминланган давлатлар рўйхатини тасдиқлаш ваколати берилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонун электрон тижоратни ривожлантириш йўналишида ҳуқуқий ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига халқаро Интернет платформаларидан фойдаланишда янада қулай шароитларни яратишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Парламентнинг юқори палатаси аъзолари “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.
Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда замонавий банк хизматларини жорий қилишга ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда банк тизимини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда молиявий хизматлар қамровини кенгайтириш ва халқаро исломий молия стандартларига мувофиқ янги турдаги муқобил банк хизматларини жорий этиш зарурати юзага келаётгани таъкидлаб ўтилди. Шундан келиб чиқиб, мазкур қонун билан 2 та кодекс ҳамда 7 та қонунга исломий банк фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи янги нормалар киритилмоқда.
Хусусан, қонун билан исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия тури жорий қилиниб, унга оид талаблар белгиланмоқда. Жумладан, мазкур лицензия билан банклар томонидан тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга ошириш ёки бир вақтнинг ўзида ҳам анъанавий, ҳам исломий банк фаолиятини амалга ошириш имконияти пайдо бўлади.
Шунингдек, исломий молия фаолияти билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштириш мақсадида Марказий банк ва исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларда исломий молия кенгашини ташкил этиш ҳамда унинг фаолиятига доир талаблар белгиланмоқда.
Бундан ташқари, исломий молия операцияларининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиб, Солиқ кодексига исломий молия операцияларини солиққа тортиш тартибини белгиловчи алоҳида боб киритилмоқда. Унга асосан исломий молия фаолиятидан олинган даромадлар солиқ солиш мақсадларида фоизли даромадларга тенглаштирилиб, банклар ва микромолия ташкилотлари томонидан мижозга реализация қилинадиган товарларга қўйиладиган устама ҚҚСдан озод қилинмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайишига, мамлакатимизда рақобат муҳитининг яхшиланишига ҳамда банк-молия соҳасига янги стратегик инвесторларнинг кириб келишига хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунингдек, “Экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланиши муносабати билан “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш, уларнинг майдонини кенгайтириш, табиий мажмуаларни, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ноёб турларини сақлаб қолиш билан боғлиқ зарур чоралар кўрилмоқда. Натижада муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони 6,3 миллион гектарни ташкил этиб, уларнинг мамлакат ҳудудидаги улуши 14,2 фоизга етказилган.
Шунингдек, тоғли ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш, курортлар, меҳмонхоналар, маданий-соғломлаштириш ва бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш орқали қўшимча иш ўринларини яратиш мақсадида туристик зоналар ташкил этилмоқда.
Ўз навбатида курорт табиий ҳудудлар ва рекреация зоналарнинг экологик тоза ҳудудларини ва уларнинг режимининг қонуний асосларини белгилаш зарурати ҳам юзага келмоқда.
Шундан келиб чиқиб, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунга қўшимча киритилиб, курорт табиий ҳудудлар ва рекреация зоналарида жойлашган, атроф табиий муҳитга таъсири меъёрлардан ошмайдиган, энергия самарадор инфратузилмалар билан таъминланган, чиқиндиларни самарали бошқариш тизими жорий этилган, юқори рекреация ва экотуризм салоҳиятига ҳамда бой биологик хилма-хилликка эга бўлган ҳудудлар экологик тоза ҳудудлар ҳисобланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, мазкур ҳудудларда экологик тизимларнинг барқарорлигига таъсир кўрсатадиган, табиий ландшафтларнинг кўриниши ҳамда ер ости сувларининг гидрогеологик ҳолати ўзгартирилишига олиб келадиган ишларнинг олиб борилиши, табиий объектларга ва мажмуаларга салбий таъсир қилувчи саноат объектларининг қурилиши ҳамда фаолият кўрсатиши тақиқланмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши экологик хавфсизликни таъминлаш, экотуризмни ривожлантириш, табиий объектларни сақлаш, биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш ҳамда мамлакатимизнинг халқаро миқёсда экологик нуфузини юксалтиришга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда давлат бошқарувида очиқлик, шаффофлик ва жавобгарликни таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида изчил ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, мазкур қонун ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида аҳамият касб этади.
Қонунда ҳукумат аъзолигига тақдим этилган шахслар ва ҳоким лавозимига номзодлар энди ўз фаолият дастурлари билан бир қаторда коррупциянинг олдини олиш бўйича шахсий режаларини ҳам тақдим этиши шарт этиб белгиланмоқда. Бу эса раҳбар кадрларнинг масъулиятини оширишга ва ҳалоллик тамойилларига содиқлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар доирасида даъволарни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида максимал даъво баҳосининг оширилиши фуқаролар ва тадбиркорлар учун судга мурожаат қилиш жараёнини янада енгиллаштиради.
Қонунда инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган нормалар ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Хусусан, махсус иқтисодий ва саноат зоналарида юзага келаётган ҳуқуқбузарликлар бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг судга давлат божи тўламасдан мурожаат қилиш ҳуқуқи белгиланиши давлат манфаатларини самарали ҳимоя қилишда муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Муҳокамалар давомида қонунни ишлаб чиқиш жараёнида бир қатор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилгани, коррупциянинг олдини олиш бўйича алоҳида режа тақдим этиш талаби халқаро амалиётга тўлиқ мос келиши таъкидлаб ўтилди.
Сенаторлар ушбу қонуннинг қабул қилиниши халқнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, коррупцияга қарши курашишда янги босқични бошлашга, суд тизими самарадорлигини оширишга ҳамда инвесторлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилишини қайд этдилар.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати