Келажакни яратаётган марказлар журналистлар нигоҳида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги «Мактабдан ташқари таълим тизими фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мактабдан ташқари таълим ташкилотлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, замонавий ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ва самарали ташкил этиш, уларни интеллектуал жиҳатдан етук, Ватанга содиқ, тарихимиз ва миллий маданиятимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда ғоят муҳим ҳуқуқий ҳужжатдир.
Ушбу ҳужжат асосида, мамлакатимизда ўқувчиларни касбга йўналтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёш авлоднинг ижодий қобилияти ва истеъдодини ривожлантириш ҳамда ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча комплекс чора-тадбирларни ўзида мужассам этган бешта ташаббус амалиётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, Президент қарори бўйича Қорақалпоғистон Республикасида 1 Республика ва 17 туман, шаҳар «Келажак» марказлари ташкил этилиб, ўз ишларини бошлади.
Республикамизда янги ташкил этилаётган «Келажак» марказларининг фаолиятини кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Нукус шаҳрида жойлашган Республика «Келажак» марказида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда вазирлик ва марказ раҳбарияти, масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Қ.Исмайлов, республика «Келажак» маркази директори Р.Тошимов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Президентимизнинг махсус Фармон ва қарорлари асосида республикамизда амалга оширилаётган эзгу ишлар ва уларнинг ижобий натижалари ҳақида кенг тарзда сўзлаб берди.
– Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ-277-сонли қарори асосида, Қорақалпоғистонда 1 та Республика ва 17 та туман, шаҳар «Келажак» марказларининг ташкил этилиши мактабга тайёрлов гуруҳларида болаларда таълим олиш, коммуникатив ва ижодий компетенцияларни шакллантириш, ўқувчиларни Президент, ижодий ва ихтисослаштирилган таълим ташкилотларига тайёрлаш, иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг STEAM фанлари ва илм-фанга бўлган интилишларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, ўқувчиларни сунъий интеллект ва робототехника йўналишларига жалб этиш орқали уларнинг ижодий кўникмаларини янада шакллантириш ҳамда робототехника, мобилография, дастурлаш, СММ ва моделлаштириш каби тўгаракларни ташкил этиш, ўқувчиларнинг чет тилларини ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш ва чет тилларини ўқитиш учун замонавий усуллар асосида тўгараклар фаолиятини йўлга қўйишда муҳим хизмат қилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси «Келажак» маркази директори Руслан Ташимов. – Шу билан бирга «Келажак» марказларида ўқувчиларнинг экологик билимлари оширилиб, экологияга оид лойиҳаларни амалга оширишга, ижодий ва бадиий қобилиятини ривожлантиришга, уларнинг олимпиада ва оммавий спорт турларига қизиқишини оширишга амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ҳозирги кунда республикамиз бўйича «Келажак» марказларидаги 750 тўгаракка 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган 20296 ўқувчи жалб этилган бўлиб, уларга жами 774 педагог кадрлар таълим бериб келмоқда. «Келажак» марказларида дарслар замонавий педагогик ёндашувлар асосида, малакали мутахассислар томонидан олиб борилади ҳамда ёшларнинг қизиқишлари ва индивидуал имкониятлари инобатга олинади.
Тадбирда журналистлар Қорақалпоғистон Республикаси «Келажак» марказида ташкил этилган тўгаракларда бўлиб, уларнинг ишлари ва ўқувчилар томонидан тайёрланган маҳсулотлар билан яқиндан танишди.
– Ушбу марказда 1 йилдан буён ўқувчиларга компьютер дизайни ва графикаси йўналиши бўйича таълим беряпман, – дейди марказ ўқитувчиси Перуза Тангирбергенова. – Тўгаракка икки гуруҳда 20 нафар ўқувчи қатнашади. Уларнинг билим олишга бўлган иштиёқи баланд. Шу боис улар мен ўргатган дастурларни тез ўзлаштириб кетмоқда.
– Инглиз тили бўйича таълим берадиган хорижий тиллар тўгарагида 4 та гуруҳда 40 нафар ўқувчига таълим бермоқчиман, – дейди Гулпарчин Исмоилова. – Тўгараклардаги дарс жадвали ўқувчиларнинг мактабдан бўш вақтларига қараб икки мавсумда тузилган. Ота-оналарнинг тўлов пули ҳам унча қиммат эмас. Президентимизнинг махсус қарори асосида, республикамиз ўқувчилари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи, яъни, ҳозир 61 минг 800 сўм этиб белгиланган. Бунинг учун муҳтарам Юртбошимизга катта раҳматлар айтамиз.
«Келажак» маркази фаолияти билан танишар эканмиз, уларнинг ёш авлодни замон талабларига мос билим ва кўникмалар билан таъминлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва келажакда рақобатбардош кадрлар сифатида шаклланиши учун хизмат қиладиган масканлар бўлишига ишончимиз ортди.




Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.
М. Ҳабибуллаевнинг олган суратлари