Сайёр очиқ суд: Тузалиш йўлига кирганларга иккинчи имконият

Жиноят ишлари бўйича Кегейли тумани судининг раиси Р.Бекмуратова томонидан ўтказилган сайёр очиқ суд мажлисида Кегейли тумани Ички ишлар бўлими бошлиғининг тавсияси асосида жиноят содир этгани учун белгиланган тартибда жазо ўтаётган, ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жамият ҳаётига қайта мослашиш йўлига дадил қадам қўйган жами 5 нафар шахснинг иш материаллари атрофлича ўрганиб чиқилди.
Бунда Пробация хизмати томонидан тақдим этилган маълумотлар ҳамда судланган шахсларнинг хулқ-атвори ва жамоат ишларига фаоллиги инобатга олинди.
Муҳокамалар якунида, суд томонидан мазкур шахсларнинг тузалиш йўлига ўтгани, қонун талабларига риоя этаётгани ва такроран жиноят содир этмаслигига ишонч борлиги инобатга олиниб, уларни муддатидан илгари шартли равишда жазони ўташдан озод қилиш бўйича қарор қабул қилинди.

Ушбу сайёр очиқ суд мажлиси жазони ижро этишда инсонпарварлик, адолат ва қонун устуворлиги тамойилларига амал қилган ҳолда, жиноят содир этган шахсларни жамиятга қайта мослаштиришга қаратилгани билан ғоят аҳамиятли бўлди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги