Ўзбекистон – Покистон стратегик шериклигининг стратегик истиқболи

23

Муносабат

Дунёдаги сиёсий муносабатлар ўзгарувчан бўлиб турган ҳозирги шароитда давлатлар ўртасидаги муносабатлар самарадорлиги кўпроқ узоқ муддатли ишонч, ўзаро манфаатлар уйғунлиги ва амалий натижаларга асосланган ҳамкорликка боғлиқ бўлмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5-6 февраль кунлари Покистон Ислом Республикасига давлат ташрифи икки мамлакат муносабатларида навбатдаги муҳим ва мантиқий босқич сифатида кўринади.

Марказий ва Жанубий Осиёнинг етакчи давлатлари бўлган ушбу икки мамлакат бир-бирини тобора аниқроқ  стратегик ҳамкор сифатида кўраяпти. Сўнгги йилларда Тошкент ва Исломобод ўртасидаги сиёсий мулоқот изчил равишда фаоллашиб, олий даражадаги алоқалар мунтазам ва мазмунли тус олди. Айниқса, 2021 йил июль ойида стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларациянинг имзоланиши икки томонлама муносабатларни янги сифат босқичига кўтарди. Ушбу ҳужжат ҳамкорликни узоқ муддатли стратегик мақсадлар асосида ривожлантиришга қаратилган мустаҳкам институционал пойдевор бўлди.

2022 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга амалга оширган расмий ташрифи эса сиёсий яқинликни амалий мазмун билан бойитди. Ушбу ташриф давомида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ҳамда тармоқлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қатор келишувларга эришилди. Натижада икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар декларатив баёнотлар доирасидан чиқиб, аниқ иқтисодий ва ижтимоий самара бераётган ҳамкорлик моделига айлана бошлади.

Муносабатлар тараққиётидаги кейинги муҳим босқич 2025 йил февраль ойида Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистонга ташрифи билан боғлиқ. Ушбу ташриф якунларига кўра олий даражадаги Стратегик шериклик кенгашини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, икки томонлама муносабатларни мувофиқлаштириш ва тизимли ривожлантириш учун самарали механизм яратилди. Бу эса ҳамкорликни институционал жиҳатдан янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Иқтисодий кўрсаткичлар ҳам икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг мазмунан чуқурлашаётганини яққол тасдиқлайди. 2025 йил якунига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 474,2 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва ахборот технологиялари соҳаларида қўшма лойиҳалар шаклланмоқда. Бу эса иқтисодий ҳамкорликнинг диверсификация қилиниб, барқарор асосда ривожланаётганини кўрсатади.

Айниқса, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги транспорт йўлакларини ривожлантириш Марказий Осиё давлатларининг Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиради. Бу нафақат икки мамлакат, балки бутун минтақанинг иқтисодий интеграцияси учун муҳим омил ҳисобланади.

Гуманитар ҳамкорлик ҳам икки томонлама муносабатларда алоҳида ўрин тутади. Буюк Ипак йўлига бориб тақаладиган умумий тарихий ва маданий мерос халқлар ўртасидаги мулоқот учун мустаҳкам маънавий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Маданий ва таълим соҳасидаги алмашувлар кенгайиб бормоқда. 2021 йил июль ойида имзоланган маданий ҳамкорлик дастури ушбу йўналишда тизимли ҳамкорликни таъминламоқда.

Туризм соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш борасида ҳам ижобий қадамлар ташланмоқда. 2024 йил ноябрь ойида Тошкент ва Лаҳор шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновнинг қайта тикланиши савдо, туризм ва ишбилармонлик алоқаларига янги суръат бағишлади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик эса алоҳида стратегик мазмунга эга. 2021 йил апрель ойида имзоланган ана шу меморандум агроамалиётларни такомиллаштириш, тажриба алмашиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун мустаҳкам асос яратди. 2024 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссиянинг 9-йиғилишида эришилган келишувлар мазкур соҳада амалий натижалар бермоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга навбатдаги давлат ташрифи айнан ана шу ижобий динамикани янада мустаҳкамлашга қаратилган. Ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар ўтказилиб, сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида янги келишувларга эришиш режалаштирилган. Шунингдек, қўшма декларация ва кўп қиррали ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш, икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида қўшма бизнес форум ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар бугун анъанавий дипломатия доирасидан чиқиб, минтақалараро боғлиқликни мустаҳкамлаш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва халқлар фаровонлигига хизмат қилаётган стратегик шерикликка айланмоқда.  Президент Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи ушбу жараёнда янги саҳифа очиб, икки мамлакат ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

 

Гулжан  Халмуратова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,  O’zLiDeP фракцияси, Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги