Ўзбекистон – Покистон: савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболи

17

Бугунги глобаллашув шароитида давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар фақат географик яқинлик билан белгиланмайди. Бунга Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари ёрқин мисол. Гарчи бу икки мамлакат чегарадош бўлмаса-да, сўнгги йилларда иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланиб, ўзаро манфаатларга асосланган барқарор шериклик шаклланмоқда.

Сўнгги маълумотлар ҳам шу жараённинг амалий натижаларини тасдиқлайди. Хусусан, 2024 йил икки томонлама савдо айланмаси 400 миллион доллардан ошиб, қўшма корхоналар сони 130 тага етди. 2025 йил эса умумий товар айирбошлаш қиймати қарийб 450 миллион долларга етгани иқтисодий алоқалар тобора мустаҳкамланаётганидан далолат. Энг муҳими, расмий Тошкент ва Исломобод яқин истиқболда ушбу кўрсаткични 2 миллиард доллардан оширишни стратегик вазифа сифатида белгилаган.

Айни мақсадга эришиш учун томонлар савдо жараёнини соддалаштиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширишни режалаштирмоқда. Жумладан, имтиёзли божхона тартиби қўлланадиган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш, божхона ва санитария-текширув тартиб-таомилини соддалаштириш ва ўзаро уйғунлаштириш устувор вазифага айланган. Бу амалиёт айниқса қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва енгил саноат товарлари экспорт-импортида вақт ва харажатни сезиларли даражада камайтиради.

Ўзбекистон Покистоннинг Марказий Осиёдаги энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкори. Шериклик фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати, электротехника, тўқимачилик ҳамда чарм-пойабзал тармоқларини қамраб олган ҳолда босқичма-босқич кенгайтирилмоқда. Яъни, алоқалар бир ёқлама эмас, балки диверсификациялашган, узоқ муддатли ривожланишга йўналтирилган.

Хусусан, фармацевтика энг истиқболли йўналишларидан бири сифатида ажралиб туради. Ўзбекистонда дори-дармон маҳсулотларининг йиллик импорт ҳажми 3 миллиард доллардан ошади. Демак, ушбу соҳада маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш зарурати жуда долзарб. Шу нуқтаи назардан Покистон компанияларининг мамлакатимизда ихтисослаштирилган фармацевтика кластерлари доирасида ишлаб чиқариш қувватини ташкил этишга қизиқиши стратегик аҳамият касб этади. Бу нафақат импортга қарамликни камайтиради, балки технология трансфери ва янги иш ўринлари яратилишига ҳам хизмат қилади.

Транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, божхона ва техник тартиб-таомилни уйғунлаштириш ҳамда инвестиция учун қулай муҳитни янада такомиллаштириш ҳам яқин келажак учун асосий вазифалардир. Масалан, минтақавий боғлиқликни кучайтирувчи йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиши нафақат икки томонлама савдо ҳажмини оширади, балки Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий кўприкларни ҳам мустаҳкамлайди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар бугунги кунда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Икки давлат ўртасида шаклланаётган ўзаро ишонч, сиёсий ирода ва амалий ҳамкорлик механизмлари иқтисодий алоқаларни кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратмоқда. Савдо ҳажми изчил ўсиши, қўшма корхоналар сони ортиши ва устувор тармоқларда ҳамкорлик фаоллашуви шериклик барқарор ва узоқ муддатли хусусиятга эгалигини кўрсатади.

Умуман, Ўзбекистон – Покистон савдо-иқтисодий ҳамкорлиги фақат икки мамлакат манфаатлари билан чекланиб қолмай, кенг кўламли минтақавий ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт гаровига ҳам айланмоқда. Мавжуд салоҳиятдан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни изчил амалга ошириш орқали томонлар келгусида белгиланган юксак мақсадларга эришиши шубҳасиз.

Мусулмон Зиё, ЎзА

Мақола Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги “Шарқшунос таҳлилчилар” интеллектуал клуби аъзоси Одамбой Йўлдошев кўмагида тайёрланди.